Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги "Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-254-сон Фармони ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Атамалар ва ҳисобдорлик тизимидаги янгиланишлар
Киритилган ўзгартиришларга кўра, қоидалар матнидаги тижорат банклари тушунчаси умумий тарзда банклар сўзига алмаштирилди. Шунингдек, банкларнинг ўзаро ва ўз мижозлари билан чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш, жумладан своп ва деривативлар орқали амалга ошириладиган операциялари тўғрисидаги маълумотлари Марказий банкнинг "Валюта операциялари ҳисобини юритиш" (FERUz) ахборот тизимига киритиб борилиши қатъий белгиланди.
Яна бир муҳим ўзгартиришга кўра, энди банклар томонидан шикастланиш белгилари мавжуд бўлган чет эл валютаси банкноталарининг қайта муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди.
Капитал бозори ва инвесторлар учун шартлар
Капитал бозоридаги операциялар юзасидан ҳам янгиликлар жорий этилди. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан номинал қиймати чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш ва мажбуриятларни бажариш учун зарур ҳажмдаги чет эл валютасини сотиб олиш қимматли қоғозларни чиқариш ҳужжати нусхаси асосида амалга оширилади.
Чет эллик инвесторларга эса фонд биржасида қимматли қоғозларни сотишдан олинган маблағларни, дивидендлар, фоизлар ва облигацияларни сўндиришдан олинган даромадларни репатриация қилиш учун чет эл валютасини сотиб олишга тегишли мурожаат асосида рухсат берилади.
Нақд хорижий валютани бериш тартиби
Амалиётдаги асосий ўзгаришлардан бири нақд чет эл валютасини банк кассалари орқали бериш тартибига тегишлидир. Янги киритилган қоидага асосан, жисмоний шахсларга ўз ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида нақд чет эл валютаси чекловларсиз берилади. Юридик шахслар эса ўз устав фондига жисмоний шахслар томонидан илгари киритилган валюта маблағларини қайтариш мақсадида нақд валюта ечиб олишлари мумкин. Юридик шахслар ҳамда норезидентларнинг ваколатхоналари ва филиаллари ўз ходимларини Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ операциялар учун нақд валюта маблағларини олишларига рухсат этилди. Шунингдек, чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини нақд пулда қайтариш тартиби доирасидаги тўловлар ҳам банк кассалари орқали амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
