Йигирмадан ортиқ банк ва микромолия ташкилоти нотўғри реклама учун жаримага тортилди

15.07.2026 06:18

255

Ўзбекистонда 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотлари реклама қонунчилигини бузгани ва истеъмолчиларни чалғитгани учун молиявий жаримага тортилди. Рақобат қўмитасига кўра, номи очиқланмаган мазкур муассасалар кредит ва омонат бўйича муҳим шартларни яшириш орқали мижозлар ҳуқуқларини бузган.

Фото: Bankers.uz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 20 дан ортиқ тижорат банклари ҳамда микромолия ташкилотларига (ММТ) нисбатан молиявий жарималар қўлланилди. Бунга уларнинг молиявий хизматлар рекламасида қонунчилик талабларини бузганлиги ва истеъмолчиларни чалғитганлиги сабаб бўлган.

Қўмита хабарига кўра, оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда олиб борилган мониторинглар натижасида айнан молиявий хизматлар рекламасида қонунбузилиш ҳолатлари энг кўп учраётгани аниқланган. Бироқ, хабарда айнан қайси банклар ва микромолия ташкилотлари жаримага тортилгани айтилмаган.

Ўрганишлар давомида молия ташкилотлари томонидан жойлаштирилган рекламаларда мижоз қарор қабул қилиши учун ўта муҳим бўлган деталлар яширилгани ёки нотўғри талқин қилингани маълум бўлган. Хусусан:

  • Муҳим шартларнинг яширилиши: Омонат ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари, амал қилиш муддати, минимал талаблар, воситачилик ёки суғурта тўловлари каби маълумотлар умуман келтирилмаган ёки ноаниқ берилган.
  • Ўқиб бўлмайдиган матнлар: Рекламадаги муҳим шартлар фон билан уйғунлашиб кетадиган, ўқилиши жуда қийин бўлган майда шрифтларда ёки яширин матн кўринишида тақдим этилган.
  • Чалғитувчи усуллар: Хизмат шартларини бўрттириб кўрсатиш, икки маъноли иборалар қўллаш ва ҳатто бошқа ташкилотлар номи ёки товар белгиларига тегишли калит сўзлардан фойдаланиш орқали мижозларни чалғитиш ҳолатлари кузатилган.

Қайд этилишча, бундай амалиётлар истеъмолчиларнинг хизмат тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқини бевосита бузилишига олиб келади.

Қўмита амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 43-моддасига мувофиқ, молиявий хизматларга оид рекламаларга нисбатан қатъий талаблар ўрнатилгани эслатган. Қонунга кўра, банк ёки микромолия ташкилотининг рекламаси оддий хабарлардан яққол ажралиб туриши керак. Энг муҳими — реклама мижознинг ишончига киришга ёки унинг молиявий соҳада тажрибаси камлигидан устамонлик билан фойдаланиб қолишга қаратилмаслиги шарт. Унда хизматга умуман алоқаси йўқ ортиқча ва чалғитувчи маълумотлар бўлмаслиги, аксинча, шартноманинг барча муҳим деталлари очиқ-ошкора баён қилиниши талаб этилади.

Рақобат қўмитаси барча молия бозори иштирокчиларини реклама кампанияларини ташкил этишда маълумотларни аниқ, тўлиқ ва истеъмолчи учун осон ўқиладиган шаклда тақдим этишга чақирган.

Молиявий хизматлар рекламаларида нотўғри ёки чалғитувчи ахборотларни жойлаштириш ҳолатлари қайта аниқланган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли молиявий санкциялар қўлланилиши қатъий огоҳлантирилган.

Аввалроқ Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқини бузган бир нечта банкларни жаримага тортгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#реклама#жарима#Рақобат_қўмитаси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган