Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқини бузган бир нечта банкларни жаримага тортди

30.06.2026 15:57

306

Марказий банк томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида молиявий хизматлар кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган бир нечта тижорат банклари ҳамда микромолия ташкилотларини жами қарийб 1,4 млрд сўм миқдорида жаримага тортди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлари бўйича навбатдаги ҳисоботни тақдим этди.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида «Шаффоф-молия» ва «Tezcoin» микромолия ташкилотларида ҳамда «Uzum bank»да ўтказилган текширувлар давомида қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқлаган.

Қайд этилишича, микромолия ташкилотларида микроқарз ажратишда қарз юки бўйича белгиланган талабларга риоя қилинмаганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби бузилганлиги, микроқарз шартномаларини расмийлаштиришда қонунчиликда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ акс эттирилмаганлиги ҳамда мижозларнинг кредит тарихи бўйича маълумотлар белгиланган муддатларда кредит бюроларига тақдим этилмаганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, «Uzum bank»да банкнинг расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига тақдим этиладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талаблар бажарилмаганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш тартибига риоя этилмаганлиги, кредит бюросига маълумотлар кечиктириб юборилганлиги ҳамда шартномаларга белгиланган талаблар киритилмаганлиги кузатилган.

Аниқланган қоидабузарликларнинг хусусияти ва кўлами инобатга олиниб, Марказий банк томонидан «Шаффоф-молия» микромолия ташкилотига нисбатан 201,0 млн сўм, «Tezcoin» микромолия ташкилотига 156,0 млн сўм ва «Uzum bank»ка 215,5 млн сўм миқдорида жарима санкциялари қўлланилган.

Бундан ташқари, «Ипотека-банк» фаолияти юзасидан келиб тушган кредит муносабатларига доир истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳам ўрганилган ва банк томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларда қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги аниқланган. Жумладан, кредит қарздорликлари учун маблағлар мижозларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олинган. Шу билан бирга, кредит шартномасида акцептсиз ечиб олиш белгиланмаган бўлса-да, маблағлар розиликсиз ушлаб қолинганлиги, гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув гаров реестридан кечиктириб чиқарилганлиги ва шартномаларни расмийлаштиришда камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Ушбу қоидабузарликлар учун «Ипотека-банк»ка нисбатан 105,0 млн сўм миқдорида жарима қўлланилган.

Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банкларининг ҳудудлардаги филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирлари ўтказилган. Ушбу тадбирларда тижорат банклари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни ташкил этишда ошкоралик, шаффофлик, ахборотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари кузатилган.

Қоидабузарликларнинг хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда, 14 та банкка нисбатан жами 681,5 млн сўм жарима санкцияси қўлланилди. Бунда «Агробанк»ка 255,0 млн сўм, «Ўзсаноатқурилишбанк»ка эса 119,5 млн сўм жарима белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келган қоидабузарликлар учун Hamkorbank'га 955 млн сўм, Давр банкка 931 млн сўм ва TBC банкка 615 млн сўм миқдорида жарима солганди. Ўшанда регулятор ҳар бир банкда аниқланган ҳолатларни батафсил баён қилиб, бундан кейин бу каби ҳолатларни жамоатчиликка очиқлаб боришини маълум қилган эди.

Теглар:

#жарима#санкция

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган