Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалар масаласида Марказий банк позициясига жавоб берди

13.07.2026 11:48

58

Солиқ қўмитаси банк сири ва P2P ўтказмалар мониторинги масалалари бўйича Марказий банкнинг позициясига ҳурмат билан қарашини маълум қилди.

Фото: Bankers.uz

Солиқ қўмитаси йирик P2P ўтказмалар лойиҳасига Марказий банк билдирган эътирозга расмий муносабат билдирди.

Идора P2P ўтказмаларнинг ўзи солиқ солиш объекти эмаслигини ва лойиҳа фуқаролар устидан оммавий назоратни назарда тутмаслигини таъкидлади.

"Конституциянинг 41-моддасида банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сирининг қонун билан кафолатланиши белгиланганини эслатди. Ушбу масалалар "Банк сири тўғрисида"ги қонун ва Солиқ кодексида тартибга солинган бўлиб, мазкур ҳужжатларда банкларнинг солиқ органларига ахборот тақдим этиш мажбурияти аллақачон назарда тутилган", — дея хабар беради Қўмита.

Солиқ қўмитаси маълум қилишича, банклар билан ҳар қандай ахборот алмашиниши фақат қонун доирасида, банк сирини сақлаш, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончини таъминлаш шарти билан амалга оширилиши лозим.

Идора ишлаб чиқилган лойиҳанинг мақсади банклар билан ўзаро ҳамкорликнинг хавфсиз, аниқ ва халқаро амалиётга мос форматини шакллантиришдан иборатлигини қайд этди. Жамоатчилик муҳокамаси якунлангани ва келиб тушган барча таклифлар, шу жумладан Марказий банкнинг позицияси ҳам диққат билан ўрганилиши ваъда қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев ойлик ҳажми 500 БҲМдан (206 млн сўм) ошган картадан картага P2P ўтказмалар тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни назарда тутувчи таклифни Конституциянинг 41-моддасига зид, деб ҳисоблашини маълум қилган эди. Марказий банк мазкур лойиҳа "Банк сири тўғрисида"ги қонунга ҳам зидлигини қайд этган ҳамда унинг жорий этилиши нақд пулдан фойдаланишнинг ортишига ва маблағларнинг банк тизимидан норасмий муомалага чиқиб кетишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Лойиҳа Солиқ қўмитаси томонидан июнь ойи охирида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Унга кўра, банклар юридик ва жисмоний шахсларнинг ойлик 500 БҲМдан ошган P2P ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиши назарда тутилган. Яқин қариндошлар ўртасидаги ўтказмалар ва жисмоний шахснинг ўз карталари ўртасидаги ўтказмалар бундан мустасно этилади. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасида танқидга учраган эди.

Теглар:

#солиқ#p2p#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган