Солиқ қўмитаси тижорат банкларидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳисобварақлари, омонатлари ҳамда карталараро ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам олиб туриш механизмини жорий этмоқчи. «Банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ёхуд омонатларига оид ахборотни солиқ органларига тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 2026 йил 8 июлгача жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ҳужжат кўпчилик кутгандан кўра кенг қамровли — ва шу боис унга бўлган қизиқиш ҳам, хавотир ҳам бесабаб эмас.
Лойиҳада аслида нима таклиф этилмоқда?
Ҳужжатнинг моҳияти иккита механизмда жамланган. Биринчиси — банклар юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига электрон шаклда тақдим этади ҳамда солиқ назорати мақсадида солиқ органининг сўрови асосида тегишли ахборотни беради. Бу — амалда яқин йиллардан буён қонунчиликка сингдирилган ёндашув.
Эътиборни тортадиган янгилик эса иккинчисида. Лойиҳага кўра, жисмоний шахснинг банк картасига бошқа фуқароларнинг (яқин қариндошлар бундан мустасно) карталари ёки электрон ҳамёнларидан бир ой давомида катта миқдорда пул кириб тушса, банк бу ҳақда солиқ органига хабар бериши шарт бўлади. «Катта миқдор» аниқ белгиланган: календарь ой давомида бундай тушумлар жами 500 базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) тенг ёки ундан ошса, ахборот узатилади. Ҳозирги ҳисобда бу — қарийб 206 млн сўм, 2026 йил 1 сентябрдан БҲМ ошиши билан эса 220 млн сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, жисмоний шахслар томонидан чет эллик юридик шахсларга амалга оширилган пул ўтказмалари ҳам солиқ органларига маълум қилинади (бунда, лойиҳа таъкидлашича, фуқароларнинг шахсий маълумотлари кўрсатилмайди).
Ҳужжат қабул қилинса, Солиқ қўмитаси ва Марказий банк икки ой ичида автоматлаштирилган «Банк-солиқ» ахборот алмашиш модулини ишлаб чиқиши, банкларнинг ахборот тизимлари эса тўрт ой ичида ушбу платформага улаб берилиши кўзда тутилган. Бошқача айтганда, гап бир марталик сўров эмас, балки доимий, автоматик равишда ишлайдиган оқим ҳақида бормоқда.
Банк сири бузилиши риски борми?
Бу — лойиҳанинг энг нозик нуқтаси, шунинг учун унга алоҳида тўхталиш зарур.
Расмий нуқтаи назардан, лойиҳа ҳеч қандай янги ҳуқуқ яратмайди. Унинг ҳуқуқий пойдевори — Солиқ кодексининг 134-моддаси ҳамда «Банк сири тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси. 134-моддага кўра, банк ҳар қандай мижознинг ҳисобварағи очилгани ёки ёпилгани ҳақида уч кун ичида солиқ органига хабар бериши шарт, шунингдек, солиқ органининг ёзма сўровига биноан мижознинг ҳисобварақлари, улардаги қолдиқлар ва операциялар бўйича маълумот тақдим этади. «Банк сири тўғрисида»ги қонун эса банк сирини ташкил этувчи маълумотлар солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда солиқ органларига берилишига йўл қўяди. Демак, юридик жиҳатдан банк сири «бекор қилинмаяпти» — у қонунда олдиндан кўзда тутилган истисно доирасида очилмоқда, холос.
Шу боис, агар масалага формал қаралса, банк сирининг «бузилиши» ҳақида гапириш ноўрин. Бироқ таҳлилда айнан шу ерда асосий савол туғилади: сўров асосидаги ниқобланган очилишдан оммавий, автоматик мониторингга ўтиш — сифат жиҳатидан бошқа нарса.
Аввал банк маълумотни аниқ бир мижоз бўйича, аниқ бир солиқ текшируви доирасида, ёзма сўров асосида тақдим этар эди. Янги лойиҳа эса белгиланган остонадан (500 БҲМ) ошган барча карталараро тушумларни — ҳеч қандай индивидуал сўровсиз, олдиндан, оммавий тарзда — солиқ органига оқизишни назарда тутади. Бу — миллионлаб фуқароларнинг пул оқимларини доимий «кузатув» остига олиш демакдир. Юридик баённома ўзгармаса-да, амалиётнинг табиати тубдан ўзгаради: истиснодан қоидага айланиш хавфи мана шунда.
Иккинчи хавотир — маълумотларнинг бир жойда тўпланиши. Автоматлаштирилган модул орқали миллионлаб транзакциялар ягона базада жамланса, бу базанинг ҳимояси, ундан фойдаланиш доираси ва оқиб кетиш (утечка) риски долзарб муаммога айланади. Солиқ қўмитаси бундай маълумотлар «солиқ сири» ҳисобланиши ва учинчи шахсларга берилмаслигини таъкидлайди. Лекин қонуний кафолат билан техник ҳимоя — ҳар доим ҳам бир нарса эмас. Базанинг ўзи мавжуд бўлгач, унга нисбатан суиистеъмол, рухсатсиз кириш ёки келажакда қўллаш доирасини кенгайтириш эҳтимоли ҳам пайдо бўлади.
Қисқаси: қонун ҳарфи бўйича банк сири бузилмайди, аммо унинг руҳи ва амалдаги ҳимоя даражаси сезиларли даражада сусаяди. Айни шу фарқ — расмий тушунтириш билан жамоатчилик хавотири ўртасидаги асосий зиддиятдир.
Эътиборга молик бошқа жиҳатлар
Омонатлар масаласи. Лойиҳа сарлавҳасининг ўзида «ҳисобварақлар ёхуд омонатлар»и тилга олинган. 2020 йилги ўхшаш ташаббус вақтида Солиқ қўмитаси банклардан мижозлар депозитлари, дивидендлари ва иш ҳақи ҳақидаги маълумотларни сўрамаслигини алоҳида айтган эди. Бу сафар ҳужжат тили кенгроқ, шу боис «омонатлар» қай даражада ва қандай ҳолларда қамраб олиниши — муҳокама давомида аниқлаштирилиши керак бўлган калит масала.
«Яқин қариндошлар» истиснаси. Лойиҳа яқин қариндошлар ўртасидаги ўтказмаларни истисно қилади. Бироқ амалда банк тизими қайси картанинг эгаси кимга қариндош эканини қандай аниқлайди? Бу механизм ишламаса, оддий оилавий ёки дўстона ўтказмалар ҳам «шубҳали тушум» сифатида рўйхатга тушиб қолиши мумкин. Таҳлилий жиҳатдан — бу нотўғри ишга тушишлар (false positive) манбаи.
Остона ва инфляция. 500 БҲМ бугун 206 млн, сентябрдан 220 млн сўм. Кўриниши йирик аммо БҲМ ҳар йили ошиб борар экан, остона номинал жиҳатдан барқарор кўринса-да, реал ҳаётда тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган йирик, лекин қонуний ўтказмалар (масалан, кўчмас мулк, автомобиль сотиш, оилавий йиғим-терим) ҳам тез-тез ушбу чегарага яқинлашиб қолиши мумкин.
Икки идора қўлидаги база. Модул Солиқ қўмитаси ва Марказий банк ҳамкорлигида яратилади. Шундай экан, маълумотларга кириш ҳуқуқи кимда, қандай тартибда ва қандай аудит остида бўлиши — лойиҳада энг батафсил ёзилиши лозим бўлган қисмлардан биридир.
Бу — биринчи уриниш эмас
Ўзбекистонда фуқаролар ва тадбиркорларнинг пул айланмалари ҳамда қолдиқларига солиқ органлари «доступ» олишга интилиши янгилик эмас. Бу — камида 2020 йилдан буён такрорланиб келаётган ҳаракат: уни бир неча бор турли — Сенат, Савдо-саноат палатаси, ҳатто Марказий банк ва, ниҳоят, Конституциянинг ўзи — тўсиқлари тўхтатган, лекин у ҳар сафар янги шаклда қайта чиқаверади. Иқтисодий шарҳловчи Бакиров буни «солиқчиларнинг тўрт йилдан буён такрор ва такрор уриниши» деб атайди — ва бу таърифда муболаға йўқ.
2020 йил, апрель — биринчи уриниш. Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк «банк ҳисобварақларига оид ахборотни ДСҚга электрон узатиш тартиби тўғрисида»ги қўшма қарор лойиҳасини эълон қилди. Остона жорий лойиҳадагидан анча паст эди: бир ой давомида жисмоний шахсларнинг карталарига кириб тушган маблағлар 30 млн сўмдан ва транзакциялар 10 тадан ошса, P2P операциялари ҳақида ахборот узатилиши кўзда тутилганди. Лойиҳага нафақат жамоатчилик, балки Сенат ва Савдо-саноат палатаси ҳам қарши чиқди, миллий тўлов тизими Uzcard эса уни очиқ қоралади. Лойиҳа ўша ҳолича қабул қилинмади.
2020 йил, октябрь — иккинчи фронт. Бу сафар Давлат божхона қўмитаси «Банк сири тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилди — ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳисобварақлари, омонатлари, пул қолдиқлари ва операциялари ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш учун. Экспертлар таклифни «асосланмаган» деб баҳолашди: бундай маълумотлар нима учун ва қайси вазифани бажариш учун зарурлиги исботланмаган, дейилди.
2023 йил, февраль — экспертизасиз ўтказилган норма. Карталараро (P2P) ўтказмалар учун электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) расмийлаштириш талаби — Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтказилмай туриб — президент фармонига киритилди. Натижада тўлов ташкилотлари 2023 йил 1 майдан жисмоний шахслараро ўтказмаларга ЭҲФ тайёрлаши шарт қилиб қўйилди. Бу қадам кескин танқидга учради.
2023 йил, май — Конституция тўсиғи. 1 майда кучга кирган янги Конституция банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар махфийлигини кафолатлади; P2P маълумотларини солиқ органларига бериш талаби Конституцияга зид деб топилди. Айни шу нуқтада муҳим деталь бор: Марказий банкнинг ўзи бу тартибга қарши чиқди — регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуратов P2P учун электрон ҳисобварақлар жорий этилишини очиқ рад этди. Ва ниҳоят, 8 майда янги Конституция устуворликларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича эълон қилинган илк президент фармони ЭҲФ талабини (1 июндан) бекор қилди. Яъни талаб бир марта эмас, конституциявий даражада рад этилган эди.
2024 йил, апрель — «франкенштейн» лойиҳа. Солиқ қўмитаси P2P ни «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ичида қайта кўтарди: бунда Солиқ қўмитаси ва Марказий банк икки ой ичида «муайян чегарадан ошган P2P транзакциялар бўйича ўзаро маълумот алмашинуви» юзасидан Меморандум имзолаши кўзда тутилди. Эътиборли жиҳат — формула жорий 2026 йилги лойиҳадаги ибора билан деярли сўзма-сўз бир хил. Ўша ҳужжатга бошқа баҳсли нормалар — кўчмас мулк ва автомобиль сотувини фақат нақдсиз қилиш, нақд харидларга кешбэкни бекор қилиш, E-Aktiv мажбурийлиги, солиқ органларига тадбиркор ҳудудига кириш ваколати ҳам тиқилган эди. Шарҳловчилар буни «деталларида иблис яширинган», ижобий таклифлар орасига «миналар» жойланган ҳужжат деб атади; Савдо-саноат палатаси эса лойиҳа ҳали келишув босқичида эканини билдирди.
2026 йил — навбатдаги, энг расмийлаштирилган босқич. Йил бошидан P2P мониторинги, пластик карта тушумларини ўрганиш ва солиқ маъмурчилигини «замонавийлаштириш» бўйича чоралар (жумладан, ПФ-95-сон фармон) кетма-кет эълон қилинди, июнь ойида эса P2P мониторингининг қонунийлиги яна баҳс мавзусига айланди. Жорий қарор лойиҳаси — ана шу занжирнинг навбатдаги ҳалқаси, лекин бу сафар у энг тўлиқ институционал шаклда: остона аниқ (500 БҲМ), механизм автоматлаштирилган модуль кўринишида, муддатлар белгиланган.
Хулоса равшан: давлат фискал шаффофликка интилмоқда ва бу — жаҳон амалиётига мос мақсад. Бироқ ҳикоянинг ўзи бир неча муҳим саволни кўндаланг қўяди. Биринчиси — изчиллик: бир неча йил аввал, шу жумладан конституциявий асосларда рад этилган талаб қандай қилиб қайта кун тартибига чиқмоқда ва Марказий банк бир вақтлар ўзи қаршилик кўрсатган қадамга энди борадими? Иккинчиси — усул: ҳар сафар бундай нормалар муҳокамага қўйилади, танқидга учрайди, кейин юмшатилади ёки бошқа ҳужжат ичига сингдирилади. Бу — жамоатчилик муҳокамаси институтининг ишлаётганидан далолат, лекин айни пайтда такрорийликнинг ўзи ишончни емиради. Жорий лойиҳа бўйича ҳам асосий синов шу: остоналар, истиснолар ва маълумот ҳимояси етарлича аниқ ёзиладими — ёхуд яна «деталларидаги иблис» муҳокама охирида юзага чиқадими?
Солиқ қўмитаси нима деяпти
Лойиҳага қизиқиш кучайгач, Солиқ қўмитаси расмий тушунтириш билан чиқди. Унинг моҳияти қуйидагича.
Қўмита, аввало, «айрим нашрларда лойиҳа асосан жисмоний шахсларнинг омонатлари билан боғлиқ ташаббус сифатида талқин қилинаётганини» нотўғри деб ҳисоблайди ва ҳужжатнинг асл мазмуни бошқача эканини таъкидлайди. Унга кўра, гап — амалдаги қонунчилик доирасида банклар билан солиқ органлари ўртасида ахборот алмашинувининг ягона қоидаларини, яъни маълумот тақдим этиш тартиби, муддатлари, шакллари ва электрон форматини белгилашдан иборат.
Қўмита учта нарсани алоҳида рад этади: лойиҳа солиқ органларига янги ваколат бермайди, банк сирини бекор қилмайди ва фуқаролар ёки тадбиркорларнинг ҳисобварақларига эркин кириш имкониятини назарда тутмайди. Банклар маълумотни фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда беради. Ваколатларнинг ҳуқуқий асоси — Солиқ кодексининг 134-моддаси ва «Банк сири тўғрисида»ги қонун. Олинган маълумотлар эса солиқ сири ҳисобланади: уни ошкор этиш, учинчи шахсларга бериш ёки белгиланган мақсаддан ташқари ишлатиш қонунан тақиқланади.
Ниҳоят, Қўмита бундай ахборот алмашинуви механизмлари халқаро амалиётда, жумладан ИҲТТ (OECD) мамлакатларида қўлланишини, Ўзбекистоннинг эса «Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича глобал форум»га аъзо эканини эслатади — бу ҳам соҳада аниқ ва шаффоф қоидалар бўлишини талаб қилади, дейди.
Бу баённотни қандай тушуниш керак? Қўмитанинг ҳуқуқий мантиғи изчил: расман у ҳақ — қарор лойиҳаси янги қонун эмас, балки мавжуд қонун меъёрларини амалга оширишнинг техник тартиби. Бироқ баённот жамоатчилик хавотирининг ҳуқуқий эмас, амалий қисмига тўлиқ жавоб бермайди. Одамларни ташвишга солаётган нарса — «банк сири бекор қилиняптими?» деган формал савол эмас, балки «энди менинг ҳар бир йирик ўтказмам автоматик равишда давлат базасига тушадими, бу маълумот қанчалик ҳимояланган ва эртага у бошқа мақсадда ишлатилмайдими?» деган амалий саволдир. Қўмита «маълумот солиқ сири» деб кафолат беради; муҳокама даврида айнан шу кафолатнинг техник ва ҳуқуқий механизмлари — кимга, қачон, қандай назорат остида очилиши — қанчалик аниқ ёзилиши лойиҳанинг тақдирини ҳал қилади.
*Ҳужжат 2026 йил 8 июлгача жамоатчилик муҳокамасида туради. Унга билдирилган таклиф ва эътирозлар, Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, кейинги босқичда ҳужжатни такомиллаштиришда ҳисобга олинади.
