ANORBANK 200 млрд сўмлик корпоратив облигация чиқармоқда

16.07.2026 07:17

71

ANORBANK умумий қиймати 200 млрд сўм, йиллик купон ставкаси 20 фоиз бўлган корпоратив облигацияларни чиқармоқда. Облигациялар давлат рўйхатидан ўтказилгач, очиқ обуна йўли билан биржа савдоларига чиқарилади.

Фото: ANORBANK

"ANORBANK" АЖ Кузатув кенгаши умумий қиймати 200 млрд сўм бўлган корпоратив облигация чиқариш бўйича қарор қабул қилди.

Купон ставкаси йиллик 20% бўлган облигациялар 900 кун (қарийб 2,5 йил) муомалада бўлади. Ушбу давр даромадларни тўлаб бориш мақсадида ҳар бири 90 кундан иборат бўлган 10 та оралиқ (купон) даврига бўлинган. Бир дона облигациянинг номинал қиймати — 100 000 сўм. Умумий сони эса 2 000 000 та. Облигациялар очиқ обуна йўли билан жойлаштирилади.

Андеррайтер / брокер сифатида “Leader Finance Capital” МЧЖ (Агробанкнинг брокерлик фаолияти билан шуғулланувчи шўъба корхонаси) иштирок этади.

Савдолар эмиссия рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб 15-куни очилиши кутилмоқда.

Ушбу чиқарилишдаги облигацияларни жойлаштириш нархи "Эмитент" томонидан "Андеррайтер" билан биргаликда инвесторлар ўртасидаги талаб конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Битта облигациянинг ҳисобланган фоиз даромадини (ҲФД) ҳисобга олмагандаги жойлаштириш нархи 100 000,00 (бир юз минг) сўмдан 110 000,00 (бир юз ўн минг) сўмгача бўлган диапазонда белгиланади.

ANORBANK илк корпоратив облигациясини 27 апрелда давлат рўйхатидан ўтказган эди. 50 млрд сўмлик корпоратив облигация мақола ёзилаётган вақтда (13.07.2026) муомалада 107 178 сўмдан бўлган.

ANORBANK'нинг муомаладаги корпоратив облигацияси. Фото-скриншот: Go Invest

Эслатиб ўтамиз, ANORBANK'нинг халқаро рейтинги Fitch Ratings агентлиги томонидан "B-" даражасида, прогноз "Барқарор" сифатида белгиланган (2025 йил сентябрь).

Теглар:

#anorbank#облигация

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган