Банк истеъмолчилари ҳуқуқларини бузганлиги учун учта банкка жарима солинди

03.10.2025 13:11

842

Марказий банк истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келган қоидабузарликлар учун Hamkorbank'га 955 млн сўм, Давр банкка 931 млн сўм ва TBC банкка 615 млн сўм миқдорида жарима солди. Регулятор ҳар бир банкда аниқланган ҳолатларни батафсил баён қилиб, бундан кейин бу каби ҳолатларни жамоатчиликка очиқлаб боришини маълум қилган.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга асосан, кредит ташкилотлари фаолиятидаги уларнинг хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи камчиликларни аниқлаш, шунингдек уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чораларни очиқлади.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш йўналишида қонунчилик талабларига риоя этилаётганлиги юзасидан Hamkorbank, Давр банк ва TBC банкда ўрганиш ўтказилганда, ушбу банклар томонидан қатор қоидабузарликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланган.

Hamkorbank'да:

  • банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаганлиги ҳамда шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар киритилмаганлиги;
  • кредит ажратиш жараёнида қонунчиликка амал қилинмаган ҳолда кредит ҳужжатларини кўриб чиқиш ва кредит ажратиш учун бир марталик комиссиялар ҳамда гаров мулкини тақиққа қўйиш ва қўйилган тақиқни бекор қилишга хизмат ҳақлари ундирилганлик;
  • кредит шартномалари бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан ва гаров мулкларини тақиқдан чиқариш;
  • банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари.

Давр банкда:

  • банкнинг бир хизматини истеъмолчига қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатиш;
  • хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича кунлик фоизларни нотўғри ҳисоблаш (ундириш);
  • банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;
  • истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга (банк ички қоидаларига) уларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва (ёки) шартномаларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талаблар киритилмаганлиги билан боғлиқ ҳолатлар;
  • жисмоний шахслар билан тузилган кредит шартномаларида кредитнинг тўлиқ қийматини кўрсатмаслик;
  • банк мобил иловаси орқали онлайн кредит ажратишда ушбу хизматнинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўлиқ ва тўғри маълумот берилмаганлиги;
  • кредит шартномалари бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан ва гаров мулкларини тақиқдан чиқариш;
  • банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари.

TBC банкда:

  • банк расмий веб-сайтида ахборот бериш ва истеъмолчига бериладиган ахборотнинг минимал ҳажми бўйича талабларни бажармаслик;
  • кредит шартномалари бўйича гаров мулкига нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктириб гаров реестридан ва гаров мулкларини тақиқдан чиқариш;
  • қарз олувчиларнинг ўз молиявий аҳволини таҳлил қилиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилмасдан онлайн микроқарзлар ажратиш, кредитни қоплаш учун келиб тушган маблағларни қарздорликни сўндиришга ўз вақтида йўналтирмаслик;
  • банкда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик ҳолатлари.
Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда TBC банкка нисбатан 615,0 млн.сўм, Давр банкка нисбатан 931,0 млн.сўм ва Hamkorbank'га нисбатан 955,0 млн.сўм миқдорида жарима санкцияси қўлланилди. Шунингдек, аниқланган ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан банкларга аниқ кўрсатмалар берди. Жумладан,

Маълум бўлишича, Давр банк томонидан хорижий валютада ажратилган кредитлар бўйича ортиқча ҳисобланган 1,7 млрд. сўм фоизлар, қонунчиликка зид равишда кредит суммасидан ушлаб қолинган 1,9 млрд. сўм маблағлар ва гаров мулкини тақиққа қўйиш учун ундирилган 461,6 млн.сўм тўловлар истеъмолчиларга қайтариб берилган.

Шунингдек, TBC банк томонидан кредитни қайтариш жадвалида кўрсатилган тўловлардан кўп келиб тушган маблағлар белгиланган тартибда қарздорликни сўндиришга йўналтирилмаганлиги натижасида қарз олувчиларга ортиқча ҳисобланган 2,5 млрд. сўм фоизлар ҳамда кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суд қарорлари чиқарилгандан сўнг қонунга зид равишда ҳисобланган 1,7 млрд. сўм фоизлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Hamkorbank'га эса қонунчиликка зид равишда кредит ажратишда ундирилган 19,2 млрд. сўм тўловлар ҳамда гаров мулкини тақиққа қўйиш ва тақиқдан чиқариш учун ундирилган 1,5 млрд. сўм тўловлар, шунингдек кредит шартномаларига назарда тутилмаган бўлса-да, лекин қарз олувчилардан ундирилган 54,9 млн. сўм комиссияларни истеъмолчиларга қайтариб беришни таъминлаш юзасидан вазифалар юклатилди.

Қайд этилишича, Марказий банкка молиявий хизматлар истеъмолчиларидан келиб тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган асосли масалалар истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинмоқда.

Жумладан, Марказий банкка банк тизими бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 121 тасида келтирилган шикоятлар, шу жумладан 68 таси бўйича 2,4 млрд. сўмлик молиявий нафлар мурожаат қилувчининг фойдасига ҳал этилди.

Хусусан, 20 та ҳолатда суднинг ҳал қилув қароридан кейин қонун ҳужжатига зид равишда ҳисобланган 1,5 млрд. сўмлик фоиз ва пенялар бекор қилинган ҳамда мижоз билан қайта ҳисоб-китоб қилинган, 26 та ҳолатда кредит қарздорлиги ҳисоби нотўғри ва асоссиз юритилиши оқибатида қарз олувчидан ортиқча ундирилган 635,8 млн. сўмлик маблағлар қайтарилган. Шунингдек, 22 та ҳолатда 307,5 млн. сўмлик асоссиз ундирилган хизмат ҳақлари, тўловлар ва кредит маблағлари мижозлар фойдасига қайтарилиши таъминланган.

Марказий банк назорат чораларини нафақат қоидабузарликларни бартараф этиш воситаси, балки банк хизматларидан фойдаланиш жараёнининг барча босқичларида — хизматга мурожаат қилинган пайтдан то уни амалга ошириб бўлингунича — истеъмолчилар билан муносабатларда хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш ва ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида кўради.- дейилади хабарда.

Марказий банк молиявий ташкилотлар фаолияти самарадорлиги даромад ёки операциялар ҳажми билан бирга уларнинг истеъмолчиларга кўрсатаётган муносабати орқали ҳам баҳоланиши керак деб ҳисоблашини айтган.

Шу билан бирга, хабарда "мижозбай ишлаш маданиятини шакллантириш бизнес ривожига тўсиқ бўлмайди, аксинча унинг ажралмас қисми ҳисобланиши, ушбу маданият тижорат ташкилотлари учун бошқа стратегик мақсадлар қаторида туриши, барқарор ишонч ва узоқ муддатли обрў-эътибор пойдевори сифатида хизмат қилиши зарур"лиги таъкидланган. .

Бунда, банкларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга доимий эътибор қаратиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларга тизимли ечим топиш, банк ходимларининг масъулиятли хулқ-атворини шакллантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, мижозлар билан адолатли, шаффоф ҳамда ишончли муносабатларни йўлга қўйиш каби мақсадларга эришиш устувор ҳисобланади.

Марказий банк бундан буён истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда назорати остидаги барча молиявий ташкилотларга нисбатан қатъий чоралар кўриб, бу ҳақида ўзининг расмий ахборот каналлари орқали жамоатчиликка мунтазам равишда маълумот бериб бориши маълум қилган.

Теглар:

#жарима#истемолчи

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган