Ўзбекистонда энг кўп тўлов ҳужжатлари ўтказган банклар — 2025 йил таҳлили

17.06.2026 08:22

448

2025 йил якунларига кўра, Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали умумий қиймати 11 квадриллион 372 триллион сўмлик 75,7 миллионта тўлов ҳужжатлари ўтказилди. Bankers.uz 4 хил тўлов ҳужжатлари бўйича маълумотларни банклар кесимида таҳлил қилиб кўрди.

Иллюстратив фото: ChatGPT AI

Марказий банк ҳар ой якунига кўра, Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар бўйича статистик маълумотларни тақдим этиб боради. Bankers.uz мазкур маълумотларни жамлаган ҳолда, 2025 йил якуний кўрсаткичларига кўра тизим доирасида ўткизилган «Тўлов топшириқномаси», «Тўлов талабномаси», «Инкассо топшириқномаси» ва «Мемориал ордер» каби тўрт турдаги ҳужжатлар асосида бажарилган операцияларни банклар кесимидаги статистикасини таҳлил қилди.*

Манба: Марказий банк

2025 йил якунлари бўйича бутун банк тизимида жами 75,7 млн марта, умумий суммаси қарийб 11 квадриллион 372 трлн сўмлик тўлов ҳужжатлари ўтказилган. Ушбу тўлов ҳужжатлари суммасининг деярли 3/4 қисми (74 фоизи) бевосита Марказий банкнинг ўзида (8 квадриллион 416 трлн сўмлик 18,9 млн донадан ортиқ ҳужжат) амалга оширилган. Бунинг сабаби, Марказий банк тижорат банки сифатида мижозлар билан ишламаса-да, давлат бюджети, ғазна ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ҳисоб-китобларини олиб боради. Шу боисдан кейинги ўринларда Марказий банк кўрсаткичлари алоҳида (банкларга таққосланмаган ҳолда) берилди.

2025 йил давомида банклар кесимида умумий ўтказилган тўлов ҳужжатлари суммаси бўйича Ипотека банк (291,2 трлн сўм) етакчи бўлган. Ундан кейинги ўринларни Капиталбанк, Ўзмиллийбанк, Агробанк ва Ўзсаноатқурилишбанк эгаллаган.

Тўлов топшириқномаси

Тўлов топшириқномаси — мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка ўз ҳисобварағидан топшириқномада белгиланган суммани маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги топшириғи назарда тутилган тўлов ҳужжатидир.

Манба: Марказий банк

Бу — Ўзбекистонда энг кенг тарқалган тўлов ҳужжати тури ҳисобланиб, 2025 йилда тўлов топшириқномалари орқали бутун тизимда (Марказий банкдан ташқари) 28,6 млн дона операция бўйича 1 квадриллион 87 трлн cўмдан ортиқ маблағлар ўтказилган. Тижорат банкларида ўтказилган ҳужжатлар суммасининг 36 фоиздан ортиқроқ қисми айнан тўлов топшириқномаларига тўғри келади. (Марказий банкнинг ўзида 18,5 млн донадан ортиқ, 2 квадриллион 244 трлн сўмлик топшириқномалар ўтказилган).

ТОП-5 банклар — ўтказилган тўлов топшириқномалари суммаси бўйича

  1. Капиталбанк — 166 трлн 858 млрд сўм / 3,5 млн дона
  2. Миллий банк — 122 трлн 92 млрд сўм / 1,2 млн дона
  3. Ипотекабанк — 108 трлн 375 млрд сўм / 3,8 млн дона
  4. Трастбанк — 101 трлн 142 млрд сўм / 2 млн дона
  5. Ипак Йўли банки — 71 трлн 833 млрд сўм / 2,5 млн дона

Энг паст кўрсаткичларга Open bank (505,3 млрд сўм / 3,9 минг та), TBC bank (299,4 млрд сўм / 665 та), Yangi bank (220,2 млрд сўм / 2,9 минг та), AVO bank (207,8 млрд сўм / 49 та) ва Uzum bank (73 млрд сўм / 7 та) эга бўлди. Буларнинг барчаси юридик шахсларга хизмат кўрсатишни энди бошлаган ёки нисбатан чакана амалиётларга ихтисослашган банклардир.

Тўлов талабномаси

Тўлов талабномаси — маблағларни тўловчининг ҳисобварағидан унда кўрсатилган суммани тўлаш тўғрисидаги маблағларни олувчининг талаби назарда тутилган тўлов ҳужжати ҳисобланади. 

Бу амалиётда энг кам қўлланиладиган тўлов ҳужжати ҳисобланади. 2025 йилда жами 185,5 минг дона тўлов талабномалари бўйича 1 триллион 438 млрд cўмдан ортиқ маблағлар ўтказилди. Шундан, 152,2 млн сўм (2 дона талабнома) Марказий банкда қайд этилган.

ТОП-5 банклар — ўтказилган тўлов талабномалари суммаси бўйича

  1. Миллий банк — 239 млрд сўм / 15,3 минг дона
  2. Ziraat bank Uzbekistan — 208 млрд сўм / 17,1 минг дона
  3. Ўзсаноатқурилишбанки — 106,1 млрд сўм / 14,3 минг дона
  4. Трастбанк — 96,1 млрд сўм / 8,5 минг дона
  5. Агробанк — 86,5 млрд сўм / 11,7 минг дона

Пойтахт банк (364,3 млн сўм / 186 та ҳужжат), Садерат банк Тошкент (21 млн сўм / 49 та ҳужжат) ва Yangi bank (8,7 млн сўм / 2 та ҳужжат) каби банкларда бу ҳужжат тури деярли қўлланилмаган. TBC bank ва Uzum bank эса 2025 йилда тўлов талабномасидан умуман фойдаланмаган.

Инкассо топшириқномаси

Инкассо топшириқномаси — унда кўрсатилган маблағларни тўловчининг банки ҳисобварағидан сўзсиз равишда ҳисобдан чиқариш бўйича маблағларни олувчининг топшириғи назарда тутилган тўлов ҳужжати. Бу ҳужжат тури, одатда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ёки шартнома шартларига мувофиқ маблағларни тўловчининг розилигисиз ҳисобдан чиқариш зарур бўлганда қўлланилади.

2025 йилда инкассо топшириқномалари бўйича жами 9 трлн 60 млрд сўмлик 4 млн 245 минг та ҳужжат ҳисобдан чиқарилди. Марказий банкда бу ҳужжат бўйича нисбатан кичик (1,3 минг ҳужжат / 27,3 млрд сўм) кўрсаткич қайд этилган.

ТОП-5 банклар — ўтказилган инкассо топшириқномалари суммаси бўйича

  1. Агробанк — 1,9 трлн сўм / 1 млн 53 минг дона
  2. Миллий банк — 1,2 трлн сўм / 250,6 минг дона
  3. Ипотека-банк — 776 млрд сўм / 342 минг дона
  4. Ўзсаноатқурилишбанки — 658 млрд сўм / 158,6 минг дона
  5. Ипак Йўли банки — 478 млрд сўм / 203,6 минг дона

Садерат банк Тошкент (429,5 млн сўм / 166 ҳужжат), Open bank (125,9 млн сўм / 4 ҳужжат), TBC bank (125,6 млн сўм / 80 ҳужжат) ва AVO bank (443 минг сўм / 4 ҳужжат) рўйхат якунидан ўрин олган. Uzum bank эса бу турдаги ҳужжатлардан 2025 йилда фойдаланмаган.

Мемориал ордер

Мемориал ордер — банклар томонидан фойдаланиладиган нақд пулсиз тўлов ҳужжати бўлиб, у жумладан мижозлар билан боғлиқ банк операциялари, банк хизматларини кўрсатиш, банкларнинг ички операциялари, тўлов ҳужжатлари бўйича қисман тўловлар ва бухгалтерия ёзувларидаги хатоларни тузатиш каби ҳолларда қўлланилади. 

Мемориал ордер 2025 йилда сумма бўйича энг катта ҳужжат тури ҳисобланиб, жами 24 миллиондан ортиқ ҳужжат орқали 8 квадриллион 29 трлн cўмдан ортиқ маблағлар айланди. Бу умумий айланманинг 70 фоиздан зиёдини (71%) ташкил этади. Бунда Марказий банкнинг ўзи 397,8 минг ҳужжат / 6 квадриллион 172 трлн сўм билан айланманинг асосий қисмини шакллантиради, чунки мемориал ордер кўп ҳолларда банкларнинг ички ва ғазна операцияларида қўлланилади.

ТОП-5 банклар — мемориал ордерлар суммалари бўйича

  1. Агробанк — 208 трлн сўм / 1,7 млн дона
  2. Ўзсаноатқурилишбанки — 195,49 трлн сўм / 599,8 минг дона
  3. Ипотекабанк — 181,9 трлн сўм / 1,2 млн дона
  4. Ипак Йўли банки — 132,6 трлн сўм / 556 минг дона
  5. Миллий банк — 116 трлн сўм / 827,8 минг дона

Пойтахт банк (6 трлн 687 млрд сўм / 15,6 минг), AVO bank (3 трлн 614 млрд сўм / 20,3 минг), Садерат банк Тошкент (2 трлн 145 млрд сўм / 573,5 минг), Мадад Инвест банк (1 трлн 460 млрд сўм / 53,7 минг) ва Yangi bank (75 млрд сўм / 1,9 минг) рейтингнинг пастида жойлашган.

Манба: Марказий банк

Хулоса

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритган 35 та банк жами 15,5 трлн сўм (ўтган йилга нисбатан 2,2 баробар кўп) соф фойда олган. Марказий банк маълумотларига кўра, банк тизимида фоизсиз даромадлар 1,3 баробарга ортган. Фоизсиз даромадларнинг фоизли даромадларга нисбати эса, олдинги йилга нисбатан ўсиш тенденциясига эга бўлган.

Банк мутахассисларининг умумий баҳосига кўра, комиссия даромадлари ичида салмоқли улушни маҳаллий ва халқаро тўловларни қайта ишлаш, ҳисоб-китоб юритиш ва тўлов ҳужжатлари бўйича операцияларни амалга ошириш учун олинадиган тўловлар ташкил этади. Бу ўринда юқорида кўриб чиқилган тўлов ҳужжатлари айланмасининг ҳажми ва аҳамияти яққол намоён бўлади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон банклари фоиз даромадларига боғлиқликни камайтириш ва барқарор, кам хавфли комиссия даромади базасини кенгайтириш стратегиясини фаолроқ қўллай бошлади. Бу, жумладан, рақамли тўлов хизматлари, пластик карталар ва мобил иловалар орқали амалга ошириладиган транзакциялар сонининг ортиб бориши, шунингдек, корпоратив мижозлар учун ҳисоб-китоб хизматлари доирасининг кенгайиши билан изоҳланади.

* Жами тўлов ҳужжатлари сони ва суммасига "Аккредитивга ариза" тўлов ҳужжати статистикаси ҳам киритилган, бироқ унинг миқдори ва улуши кам бўлгани учун, банклар кесимида таҳлил қилинмаган. Маълумотлар Марказий банкнинг расмий сайтидаги жадваллардан умумлаштирилган. Хатолик ёки ноаниқлар аниқланган тақдирда таҳририятга мурожаат қилишингиз сўралади.

Теглар:

#таҳлил#тўлов_тизими

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган