Марказий банк муассислигидаги «Ахборотлаштириш бош маркази» МЧЖ директорининг Рақамли молиявий ечимлар бўйича ўринбосари лавозимига Максад Мансурович Мухитдинов тайинланди.
Тайинловга қадар у «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Мақсад Мухитдинов 1979 йил Фарғона шаҳрида туғилган. 2001 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини бакалавр босқичини, 2003 йилда мазкур олийгоҳнинг магистратура босқичини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тугатган.
У меҳнат фаолиятини 2003 йили собиқ «Ўзуйжойжамғармабанк» (ҳозирги «Ипотека банк»)нинг ташқи иқтисодий фаолият бўлими мутахассиси сифатида бошлаган ва 2005 йилга қадар ушбу банкда турли лавозимларда ишлаган. 2005 йилдан 2019 йилга қадар «Ипотека-банк» АТИБ тизимида ташқи иқтисодий фаолият, биржа ҳамда конверсион амалиётлар йўналишларида мутахассисликдан бошлаб бошқарма бошлиғи ўринбосаригача бўлган лавозимларда, шунингдек, банкнинг Чилонзор филиали бошқарувчиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритган.
М.Мухитдинов 2019 йилда «Миллий банклараро процессинг маркази» МЧЖ (кейинчалик АЖ бўлган)га ишга ўтиб, HUMO тўлов тизимининг бевосита ташкил топиши ва ривожланишида иштирок этган. У 2025 йилнинг апрель ойига қадар мазкур компания раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг март ойида «Ахборотлаштириш бош маркази» МЧЖ директори лавозимига тайинланган Нуриддин Ҳамидов ҳам 2019-2020 йилларда Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тўлов тизими) ташкил топишида бевосита қатнашган мутахассис ҳисобланади.
