МБ Ахборотлаштириш Бош марказида раҳбар ўзгарди

26.03.2025 12:18

882

2020-2024 йилларда ANORBANK'да бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Нуриддин Ҳамидов "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш Бош маркази" ДУК директори этиб тайинланди. Н.Ҳамидов Ўзбекистонда HUMO тўлов тизими, аввалроқ GlobUz тизимининг яратилишида иштирок этган мутахассис ҳисобланади.

Фото: ANORBANK

Нуриддин Шукуруллаевич Ҳамидов Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш Бош маркази ДУК директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Марказий банк сайтидаги маълумотларда айтилган. Шунингдек, Н.Ҳамидовнинг ўзи ҳам мазкур тайинлов ҳақида LinkedIn саҳифасида ёзиб қолдирган.

Нуриддин Ҳамидов 1981 йил туғилган. 2002 йил Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Ҳамкорбанкда бошлаган. 2002-2015 йилларда мазкур банкда турли лавозимларда фаолият юритган. 

Н.Ҳамидов Ўзбекистонда янги карталар инфратузилмасини қуришда бевосита иштирок этган мутахассис сифатида танилган. Хусусан у 2015-2019 йилларда GlobUz тизимида, кейинчалик — 2019-2020 йилларда Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тўлов тизими) ташкил топишида иштирок этган. 

Н.Ҳамидов 2020-2024 йилларда ANORBANK бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида инфратузилмавий ва дастурий ечимлар архитектори сифатида мобил банкни тўлақонли ишга туширишда қатнашган асосий мутахассис ҳисобланади.

Маълумот учун: Ахборотлаштириш Бош маркази давлат унитар корхонаси Марказий банк қошида ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистон банк тизимида ахборот-телекоммуникация тизимларини татбиқ этиш билан шуғулланади. Марказнинг асосий вазифалари тўғрисида унинг сайтидан батафсил ўқиш мумкин.

Марказга бир неча йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Дилшод Сариходжаев директорнинг маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттиради.

Теглар:

#МБАБМ#anorbank#humo

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган