Payme биринчи чоракда 104 млрд сўм соф фойда олди

01.05.2026 10:04

61

"Payme" акциядорлик жамиятининг 2026 йил 1-чорагидаги соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан салкам 50 фоизга ошиб, 104 миллиард сўмни ташкил этди. Компания маъмурий харажатларни икки бараварга қисқартиришга эришган.

Фото: Payme

"Payme" акциядорлик жамияти очиқлаган молиявий ҳисоботга кўра, компаниянинг хизмат кўрсатишдан олган соф тушуми бир йил ичида 2025 йилдаги 151,1 млрд сўмдан 230,1 млрд сўмга етган.

Харажатлар 33,9 млрд сўмдан 84,8 млрд сўмга етганига қарамай, жамиятнинг соф фойдаси 69,5 млрд сўмдан 104 млрд сўмгача ошган.

Фойда маржасининг ўсишига компания томонидан айрим харажатларнинг оптималлаштирилгани ва қўшимча даромадлар жалб қилингани сабаб бўлган. Хусусан, компаниянинг маъмурий харажатлари ўтган йилги 28,2 млрд сўмдан жорий чоракда 15,2 млрд сўмгача (қарийб икки баробарга) қисқартирилган. Шунингдек, компаниянинг молиявий фаолиятдан олган даромадлари (асосан фоизлар кўринишида) 6,8 млрд сўмдан 12,9 млрд сўмгача ошган.

Ҳисобот даврида компания йил бошида мавжуд бўлган 250 млрд сўмлик қисқа муддатли банк кредитларининг 140 млрд сўмини сўндирган. 1 апрель ҳолатига банк олдидаги қолдиқ қарздорлик 110 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Чорак якунига келиб компаниянинг жами активлари 719,7 млрд сўм доирасида шаклланган. Шу билан бирга, 1 апрель ҳолатига компаниянинг ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари 451,4 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Жорий йил февраль ойида Payme ҳар бир акция учун 1200 фоизлик дивиденд тўлаши ҳақида хабар бергандик.

Теглар:

#payme

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган