Бугун, 2026 йил 1 майдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига кредит бериш жараёнида муқобил скоринг тизими расман жорий этилади. Ушбу ўзгариш Президентнинг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқоти доирасида қабул қилинган Фармон асосида амалга оширилши белгиланган.
Янги тизим нимани ўзгартиради?
Анъанавий банк скоринг тизими асосан гаров мулки ва расмий молиявий ҳисоботларга таянган. Кўплаб тадбиркорлар, айниқса кичик ва ўрта бизнес вакиллари, айнан шу талабларни қондира олмаганлиги сабабли банк кредитларидан маҳрум бўлиб келган.
Бугундан жорий этилган муқобил тизим эса тадбиркорнинг реал иқтисодий фаоллигини баҳолашга ўтади. Хусусан, кредит скоринг учун асос сифатида Солиқ тўловлари тарихи ва мунтазамлиги, коммунал тўловлар бўйича маълумотлар, транзаксион операциялар кўрсаткичлари, товар айланмаси динамикаси ҳамда экспорт операциялари ҳажми ва фаоллиги каби маълумотлар ишлатилади.
Бу маълумотлар давлат органлари ва хусусий сектор вакилларининг маълумотлар базаларидан тўпланади ҳамда тадбиркорнинг тўлов қобилиятини баҳолашда бевосита асос бўлиб хизмат қилади.
Нима учун бу муҳим?
Ҳужжатлаштирилган молиявий тарихи бўлмаган, аммо фаол иқтисодий фаолият юритаётган кўплаб тадбиркорлар — солиқ тўлайдиган, коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қиладиган, савдо ва экспорт операциялари амалга оширадиган — энди ушбу кўрсаткичлари орқали кредит олиш имкониятига эга бўлади.
Жаҳон амалиётида бундай "alternative credit scoring" ёндашуви молиявий инклюзивликни кенгайтиришнинг энг самарали усулларидан бири сифатида тан олинган. Ўзбекистон ҳам бугун шу йўлга расман қадам қўйди.
Кредит ресурс ҳажми
Фармон бўйича 2026–2027 йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилиши белгиланган — шундан тижорат банклари орқали кичик ва ўрта бизнесга 250 триллион сўм кредит ажратилиши режалаштирилган.
Муқобил скоринг тизимининг ишга туширилиши айнан мана шу кредит ресурсларидан кўпроқ тадбиркорнинг фойдалана олишини таъминлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июнь ойида жисмоний шахслар учун харажатларга қараб мижозни скоринг қилиш имконияти йўлга қўйилган эди.
