Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан анъанавий тарздаги V очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Шунингдек, мазкур мулоқот якунида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳам эълон қилинди.
Bankers.uz мазкур мулоқот ҳамда Фармонда банк-молия ҳамда финтехга оид муҳим жиҳатларни бир жойга тўплади.
Онлайн тўловлар такомиллаштирилади
Мулоқотда қайд этилишича, мамлакатимизда 40 дан зиёд электрон тўлов ташкилотлари мавжуд бўлиб, аҳолимиз ўзига қулай мобил иловадан фойдаланмоқда.
Жорий йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун барча мобил тўлов иловалари орқали ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган универсал QR-код берилади.
Молиявий ресурслар борасида
2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилади, хусусан, тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун – 250 триллион сўм, шу жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 30 триллион сўм ажратилади.
Бунда:
- эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм;
- драйвер лойиҳалар доирасида – 5 триллион сўм;
- танлаб олинган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш дастурлари учун – 6 триллион сўм;
- тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун – 250 триллион сўм, шу жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 30 триллион сўм;
- “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан камида 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун – 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Қайд этилишича, Скоринг тизими соддалашгани учун 100 мингга яқин тадбиркор банкдан янги кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди. Ҳозирда кредит тарихи “ўртача”, лекин озгина кўмак берилса, тез ўсиш имконига эга яна 500 минг мижоз бор.
2026 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида уларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун харажатлар (солиқ, коммунал тўловлар, транзакцион операциялар ва бошқа ижобий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни), товар айланмаси, экспорт операциялари каби давлат органлари ва хусусий сектор вакилларида шаклланган маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар орқали муқобил скоринг қилиш тизими жорий қилинади.
Банклар хориждан ресурс жалб қилиши борасида
Учрашувда бу йил банклар тадбиркорлик лойиҳалари учун 6 миллиард доллар ресурс олиб келаётгани айтилди. Банклар келгуси йилда айнан кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун қулай шартларда алоҳида 1 миллиард доллар ресурс жалб қилиши таъкидланди.
Фаол ва "чемпион тадбиркор"лар учун ТРКдан имтиёзли шартлар
Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси “чемпион тадбиркор”ларни кўпайтириш учун банк орқали лойиҳаларга 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит беради.
Ишлаб чиқариш, сервис, яшил иқтисодиёт лойиҳалари учун 500 миллион сўмгача тижорат кредитлари компания томонидан қайта молиялаштирилади. Натижада ҳар йили 100 мингдан зиёд тадбиркорлар оладиган кредит фоизи 6 фоизгача пасаяди.
Аввалги кредити бўйича компаниядан кафиллик олиб, тўловни вақтида қилган тадбиркорларга янги кредитлар учун кафиллик миқдори 1,5 карра оширилади. Натижада йирик тадбиркорлар ҳам компаниядан 10 миллиард сўмгача кафиллик олиши мумкин бўлади.
Туризм корхоналари учун янги молиявий имкониятлар
2026–2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда кредитлар ажратилади:
- вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, туризмга ихтисослашган туман (шаҳар)ларда қурилаётган меҳмонхоналар учун – 30 миллиард сўмгача;
- бошқа ҳудудларда – 10 миллиард сўмгача;
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан 30 миллиард сўмгача кредитларнинг:
- 50 фоизига, бироқ 10 миллиард сўмдан ошмаган миқдоригача кафиллик тақдим этилади;
- Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори, бироқ 8 фоиз пунктигача бўлган қисми қоплаб берилади;
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан10 миллиард сўмгача кредитларнинг:
- 50 фоизига кафиллик тақдим этилади;
- Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори, бироқ 10 фоиз пунктигача бўлган қисми қоплаб берилади;
Компаниянинг компенсация тўловлари “2+3” тамойили асосида аввал кредитнинг дастлабки икки йилига тақдим этилади, кейинги уч йил давомида меҳмонхона хизматларини кўрсатишдан тушган йиллик тушум 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдордан ошган тақдирда амалга оширилади.
Финтех-стартаплар ҳақида
Учрашувда финтех-стартапларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилиниши айтилди. Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги экотизим – “очиқ банкинг” жорий қилинади.
Қайд этилишча, буларнинг ҳисобига яқин йилларда стартап лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳозиргидан 10 карра ошади.
