Paynet биринчи чоракда қарийб 450 миллиард сўм фойда кўрди

30.04.2026 07:13

63

"Paynet" акциядорлик жамиятининг 2026 йил 1-чорагидаги соф фойдаси ўтган йил мос даврига нисбатан 4,1 баробарга ошиб, 449,4 миллиард сўмни ташкил этди. Фойданинг асосий қисми дивидендлар тарзида олинган даромадлар ҳисобига тўғри келди.

Фото: Paynet

"Paynet" акциядорлик жамияти 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ўзининг молиявий ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, "Paynet" АЖ 2026 йил I чорак якунига кўра 449,4 миллиард сўм миқдорида соф фойда кўрган. Таққослаш учун, 2025 йил мос даврида шу даврида ушбу кўрсаткич 108,6 миллиард сўмни ташкил этган эди. Бу эса компаниянинг соф фойдаси бир йил ичида салкам 4,1 баробарга (ёки 313 фоизга) ошганини англатади.

Ушбу давр мобайнида компаниянинг хизматларни сотишдан олган соф тушуми 558,4 миллиард сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, давр харажатлари 388,9 миллиард сўм даражасида шаклланган бўлиб, шундан 18,8 миллиард сўми маъмурий харажатлар ҳиссасига тўғри келади. Натижада, асосий фаолиятдан олинган фойда 170,3 миллиард сўмга етган.

Соф фойда ўсиши асосан молиявий фаолиятдан олинган даромадлар ҳисобига таъминланган. Хусусан, I чоракда жамият дивидендлар кўринишида 321 млрд сўмдан зиёд даромад кўрган. Бу компания "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими)даги улушидан олинган дивидендлар бўлиши мумкин. Натижада солиққа тортилгунга қадар фойда ҳажми 491,3 млрд сўмни ташкил этган (шундан 25,8 млрд сўм фойда солиғи тўланган).

Молиявий барқарорлик кўрсаткичлари бўйича, 2026 йил 1 апрель ҳолатига "Paynet" АЖнинг жами активлари 2,14 трлн сўмга етган ва I чорак давомида қарийб 400 млрд сўмга ошган (ҳисобот даври бошида – 1,74 трлн сўм). Шунингдек, тақсимланмаган фойда ҳажми 865,2 млрд сўмни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, "Paynet" АЖ 2025 йилда 395 млрд сўм соф фойда олган эди.

Теглар:

#paynet

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган