Иқтисодиёт ва молия вазирлиги олий тоифали педагоглар учун уй-жой субсидиясига аризалар қабули 20 апрель соат 14:00 дан бошланишини эълон қилди. Мазкур дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 февралдаги 69-сонли қарори билан жорий этилган.
Тартибга кўра, ўқитувчиларга уй-жой хариди учун ажратиладиган ипотека кредити бошланғич тўловининг 25 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши кўзда тутилган.
Субсидия олиш учун номзодлар қуйидаги қатъий мезонларга жавоб бериши лозим:
Касбий тажриба: Камида 15 йиллик педагогик иш стажи ҳамда олий малака тоифасига (ёки бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлиш.
Мулк чеклови: Ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида республика миқёсида икки ва ундан ортиқ мулк ҳуқуқи асосидаги турар жой мавжуд бўлмаслиги шарт.
Рақамлаштириш сиёсатига мос равишда жараён тўлиқ шаффоф ва электрон шаклда амалга оширилади. Фуқаролар ўзларига қулай бўлган қуйидаги усуллардан бирини танлашлари мумкин:
1. Давлат хизматлари марказларига бевосита бориб мурожаат қилиш;
2. MyGov мобил иловаси орқали масофадан;
3. my.gov.uz ягона портали орқали онлайн шаклда.
Ариза берувчи OneID тизимида шахсга доир маълумотларни бошқариш панели орқали иштирок этувчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш учун рухсат берган бўлиши шарт. Агар кредит тарихини олишга чеклов ўрнатилган бўлса, банк ички скоринг тизими аризани автоматик равишда рад этади.
Ипотека кредитлари бўйича субсидия дастурида иштирок этувчи тижорат банклари рўйхати:
- “Агробанк” АТБ;
- АТ “Алоқабанк”;
- “Асакабанк” АЖ;
- “Asia Alliance Bank” АТБ;
- “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ;
- “Hamkorbank” АТБ;
- “Ипак йўли” АИТБ;
- Ipoteka bank OTP Group;
- “Микрокредитбанк” АТБ;
- “Orient Finans” ХАТБ;
- “Trastbank” ХАБ;
- “Туронбанк” АТБ;
- АТ “Халқ банки”.
Эсатиб ўтамиз, анъанавий ипотека кредитларига субсидиялар учун аризалар қабул қилиниши 16 мартдан бошланган эди.
.jpg)