Ўзсаноатқурилишбанк I чоракда 550 млрд сўм соф фойда олди

09.04.2026 14:42

140

Ўзсаноатқурилишбанк 2026 йилнинг I чорагида 550 млрд сўм соф фойда олди. Банкнинг молиявий натижаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ўсди.

Фото: Bankers.uz

Ўзсаноатқурилишбанк 2026 йилнинг 1-чораги бўйича ҳисоботини Ягона корпоратив ахборот порталига жойлади.

Ҳисобот даврида банк активлари 104,45 трлн сўмни ташкил қилган ва йил бошига нисбатан 2 трлн сўмга ёки 2,0 % га ошган.

Активларнинг асосий қисмини (58,1 %) соф кредит ва лизинг операциялари (60,7 трлн сўм) ташкил қилган. Кредитлар ва лизинглар бўйича кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун 2,66 трлн сўмлик захира яратилган.

Ҳисобот даврида банк балансидаги қимматли қоғозлар 12,90 трлн сўмни (жами активларниг 12,4 %), бошқа банклар ва молиявий ташкилотлардан олиниши лозим бўлган маблағлар 11,45 трлн сўм (11,0 %), кредит ҳисобларида сотиб олинган бошқа активлар қиймати 1,53 трлн сўм (1,5 %) ни ташкил қилган.

2026 йилнинг 1-чорагида Ўзсаноатқурилишбанкнинг фоизли даромадлари 2,72 трлн сўмни, фоизсиз даромадлари эса 3,62 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, фоизли харажатлари 1,95 трлн сўмни, фоизсиз харажатлари 540,62 млрд сўмни ташкил қилган.

I чоракда банк ўз ходимларига 266,2 млрд сўм ойлик иш ҳақи тўлаган ва бу харажат жами операцион харажатларининг (495,8 млрд сўм) 48,4 % ини ташкил қилган. Банк тўлаши лозим бўлган фойда солиғи 82,9 млрд сўмни ташкил қилиб, соф фойдаси 550,0 млрд сўмга етган.

Банк соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига (404,0 млрд) нисбатан 146,1 млрд сўмга ёки 36,2 фоизга ўсган.

Эслатиб ўтамиз Ўзсаноатқурилишбанк 2025 йилда 1 трлн 880,1 млрд сўм соф фойда олган эди.

Теглар:

#ўзсаноатқурилишбанк#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган