2023–2025 йилларда жаҳон бозорида олтин нархининг сезиларли даражада ошиши фонида ўлчовли олтин қуймаларининг даромадлилиги банк депозитлари бўйича миллий валюта ҳамда АҚШ долларида таклиф этилган ўртача йиллик фоиз ставкаларига нисбатан юқорироқ шаклланди.
Марказий банк маълумотларига кўра, олтин қуймаларининг даромадлилиги 2023 йилда 25,2 фоизни, 2024 йилда 31,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич кескин ўсиб, 54,5 фоизга етган. Таққослаш учун, худди шу йилларда миллий валютадаги банк депозитларининг ўртача фоиз ставкаси 19,3–19,5 фоиз атрофида, АҚШ долларидаги депозитларники эса 4,6–5,0 фоиз доирасида бўлган.

Шу билан бирга, олтин фоизли даромад келтирмайдиган ва нархи юқори тебранувчан актив ҳисобланади. Сўнгги уч йил давомида геосиёсий ҳамда макроиқтисодий омиллар таъсирида олтин нархининг кескин ўсиши кузатилган бўлса-да, узоқроқ муддатли даврларда унинг нархида сезиларли пасайиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Масалан, 2020 йилда олтин қуймалари даромадлилиги манфий кўрсаткични (-10,2 фоиз) қайд этган бўлса, 2021 йилда ҳам бу кўрсаткич -4,1 фоизни ташкил қилган.
Таъкидлаш жоизки, банк депозитлари бўйича фоиз ставкалар, олтиндан фарқли равишда, нисбатан барқарор даражада шаклланади. Юқорида қайд этилган олтиннинг пасайиш даврларида ҳам (2020–2021 йиллар) миллий валютадаги депозитлар ўртача 16,8–17,1 фоиз, хорижий валютадагилар эса 3,8–4,1 фоиз атрофида барқарор даромад келтирган.
Олтин активларининг даромадлилиги эса кўпроқ жаҳон бозоридаги нарх динамикасига боғлиқ бўлиб, унинг келгусидаги даромадлилиги олдиндан кафолатланмайди.
Ўлчовли олтин қуймалар нархи Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмаси (LBMA) томонидан эълон қилинадиган олтиннинг фиксинг нархи асосида шаклланади. Бунда, олтиннинг жаҳон бозоридаги нархига қўшимча равишда Марказий банк томонидан қуймаларнинг муомалага чиқарилиши ва муомалада бўлиши билан боғлиқ операцион харажатларни қоплаш учун белгиланадиган маржа, ҳамда амалдаги расмий валюта курси инобатга олинади.
Шу сабабли ўлчовли олтин қуймаларининг ички бозордаги нархи олтиннинг жаҳон бозоридаги нархидан маржа миқдори ҳамда валюта курси ўзгаришлари таъсири ҳисобига маълум даражада фарқ қилади.
Аввалроқ, Ўзбекистонда аҳоли 2025 йилда банклардан жами 661 килограммлик олтин қуймалар сотиб олганлиги ва бу кўрсаткич сўнгги беш йилдаги жами миқдордан ҳам ошиб кетганлиги ҳақида ёзган эдик.
