Ўзбекистон молия бозорида аҳолининг инвестицион хатти-ҳаракатларида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Сўнгги йилларда жамғармаларни ҳимоя қилиш ва кўпайтириш мақсадида ўлчовли олтин қуймаларига бўлган талаб кескин ошди. Марказий банкнинг 2020–2025 йиллар давомидаги ўлчовли олтин қуймалар савдосига оид таҳлилида бир қатор қизиқарли маълумотлар келтирилган.
Қимматбаҳо металлар бозорини ривожлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида, аҳолига олтин қуймалар сотиш 2020 йилдан буён давом этиб келмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда олтин қуймаларини сотиш ва қайтариб сотиб олиш операцияларини амалга оширувчи тижорат банклари сони 12 тадан 19 тага, уларнинг ушбу хизматни кўрсатувчи шохобчалари тармоғи эса 34 тадан 170 тагача кенгайтирилган.
2020 йилнинг ноябридан 2025 йилнинг 30 декабрига қадар бўлган даврда банклар орқали аҳолига умумий оғирлиги 1,2 тоннага тенг бўлган жами 65 150 дона олтин қуймаси сотилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, олтин юқори қийматли актив бўлгани сабабли, харидорлар асосан кичик ҳажмдаги қуймаларни афзал кўришмоқда. Сотилган қуймаларнинг 60 фоиздан ортиғи айнан 5 ва 10 грамм оғирликдаги ўлчамларга тўғри келади.

Ушбу тенденция қайтариб сотиб олиш (нақдлаштириш) жараёнида ҳам сақланиб қолган. 2020–2025 йилларда банклар аҳолидан умумий оғирлиги 201 килограмм бўлган 11 828 дона қуймани қайтариб сотиб олган бўлса, шундан қарийб 65 фоизи яна ўша 5 ва 10 граммлик қуймалар ҳиссасига тўғри келади.

Сўнгги икки йил олтин савдосида ҳақиқий бурилиш ясади. Агар олдинги йилларда ўртача йиллик сотув кўрсаткичи 81 килограммни ташкил қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам қарийб 3 бараварга ўсиб, 236 килограммга етган.
2025 йил натижалари эса барча кутилмаларни ортда қолдирган — сотув ҳажми ўртача кўрсаткичга нисбатан 8 бараварга сакраб, 661 килограммни ташкил қилган.
Биргина 2025 йилнинг ўзида сотилган 661 кг олтин, ундан олдинги тўлиқ беш йил (2020–2024 йиллар) давомида сотилган жами 558 кг ҳажмдан 18,4 фоизга (+103 кг) кўпдир.
Дона ҳисобида ҳам 2025 йилда 33 939 дона қуйма харид қилинган бўлиб, бу 2020–2024 йиллардаги умумий кўрсаткичдан (31 211 дона) 8,7 фоизга юқоридир.

Аҳоли томонидан ўлчовли олтин қуймаларига бўлган бундай улкан қизиқиш ва талаб, биринчи навбатда, 2024-2025 йилларда жаҳон бозорида олтин нархининг тарихий максимумларни янгилагани билан изоҳланади. Глобал миқёсда қимматбаҳо металл қийматининг муттасил ошиб бориши фонида, фуқаролар ўз маблағларини жамғариш ва ишончли инвестицияга йўналтиришнинг энг самарали воситаси сифатида айнан олтинни танламоқдалар.
