2025 йилда микромолия бозори икки бараварга ўсди

12.03.2026 14:13

343

Марказий банкнинг маълум қилишича, 2025 йил микромолия сектори учун рекорд йил бўлди. Кредитлаш икки баробарга ошди, онлайн кредитлар улуши 70 фоиздан ошди, актив ва капитал базаси мустаҳкамланди. Чет эл инвестицияларининг кучайиши, янги ташкилотлар ва филиалларнинг очилиши кузатилди.

Фото: Агробанк

Марказий банк 2025 йил якуни бўйича микромолия ташкилотлари (ММТ) ва ломбардлар фаолиятининг тўлиқ шарҳини тақдим қилди

Инфратузилма кенгайди: 223 ташкилот, 541 та филиал

2025 йил давомида Ўзбекистоннинг микромолия хизматлар бозори жадал кенгайишни давом эттирди. Йил давомида 32 та янги микромолия ташкилоти ва 234 та янги филиал ташкил этилиб, умумий инфратузилма 223 та бош офис ва 541 та филиалга етди.

Микромолия ташкилотлари сони 132 тага, уларнинг филиаллари 393 тага, ломбардлар сони эса 91 тага, филиаллари 148 тага етди. Чет эл капитали иштирокидаги ташкилотлар сони 5 тага ортиб, 25 тага етди — шундан 17 таси микромолия ташкилоти, 8 таси ломбард.

Манба: Марказий банк

Географик жиҳатдан, энг кўп ташкилотлар Тошкент шаҳрида жамланган (77 та ММТ ва 46 та ломбард), иккинчи ўринда эса Фарғона вилояти туради (20 та ММТ ва 5 та ломбард).

Дислокация бўйича Тошкент шаҳрида ломбардларнинг 44 та филиаллари ва микромолия ташкилотларининг 32 та филиаллари фаолият юритса, Хоразм вилоятида мазкур кўрсаткич 16 тани ташкил этиб, шундан микромолия ташкилотларининг филиаллари 15 та ва 1 та ломбард филиали мавжуд.

Манба: Марказий банк

Кредитлаш рекорд даражага етди: 31,8 триллион сўм

2025 йилнинг январь-декабрь ойларида микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан жами 31,8 триллион сўмлик кредит ажратилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2 баробар ошганини англатади — микромолия ташкилотларида айнан 2 баробар, ломбардларда эса 1,6 баробар.

Кредитлашнинг 91 фоизи (28,9 трлн сўм) микромолия ташкилотлари, 9 фоизи (2,9 трлн сўм) ломбардлар ҳиссасига тўғри келди. Хизматларнинг 97 фоизи жисмоний шахслар, атиги 3 фоизи юридик шахсларга кўрсатилди.

Манба: Марказий банк

Онлайн кредитлаш улуши 70 фоизга етди

Рақамли каналлар орқали кредитлаш сезиларли кенгайди. 2025 йил якунида онлайн кредитлар улуши микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган умумий кредитларнинг 70 фоизини ташкил этди — бу 2024 йил кўрсаткичидан 21 фоиз бандга юқори.

Онлайн кредитлаш ҳажмининг ошишида асосий рол ўйнаганлар: "Tezcoin" (15,2 трлн сўм), "Шаффоф-молия" (4,8 трлн сўм), "Yangi Finance" (243 млрд сўм) ва "Paylater" (146 млрд сўм) микромолия ташкилотлари.

Манба: Марказий банк

Кредит сегментацияси: кичик суммалар устунлик қилмоқда

Жисмоний шахсларга ажратилган кредитларнинг 62 фоизи 10 миллион сўмгача бўлган миқдорларни ташкил этди. 2024 йил билан солиштирганда бу кўрсаткич 16 фоиз бандга ортди.

Юридик шахсларга ажратилган кредитларда эса 300 миллион сўмдан юқори бўлган кредитлар улуши 17 фоиз бандга ошди, бу эса ММТлар йирик бизнес сегментига ҳам кириб бораётганидан далолат беради.

Фоиз ставкалари: Микромолия ташкилотлари 57,6%, Ломбардлар 97,1%

2025 йилнинг декабрь ойида микромолия ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга ажратилган микроқарзларнинг йиллик ўртача тортилган фоиз ставкаси 57,6 фоизни ташкил этди (коридори: 30–109,5%). ЯТТ ва юридик шахслар учун бу кўрсаткич 48,7 фоизни ташкил этди.

Ломбардлар эса анча юқори ставкаларда ишлашда давом этмоқда: жисмоний шахсларга ажратилган қарзлар бўйича йиллик ўртача тортилган ставка 97,1 фоизни ташкил этди, коридори 60–109,5% оралиғида шаклланди. Декабр ойида ажратилган ломбардлар микроқарзларининг 48,8 фоизи энг юқори чегара — йиллик 100–109,5 фоиз доирасида бўлган.

Активлар 12,5 триллион сўмга етди, соф фойда — 1,2 триллион

2026 йил 1 январь ҳолатига микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг жами активлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ортиб, 12,5 триллион сўмни ташкил этди. Микромолия ташкилотлари активлари 11,8 трлн сўмга (50% ўсиш), ломбардлар активлари эса 743 млрд сўмга (49% ўсиш) етди.

Жами активларнинг 91 фоизи кредит қўйилмалари ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, 2025 йил якунида микромолия ташкилотлари ва ломбардлар кредитларининг барча кредит ташкилотлар умумий кредит қолдиғидаги улуши 1,9 фоизга етди.

Мажбуриятлар ва капитал

Жами мажбуриятлар 1,5 баробарга ошиб, 8,5 триллион сўмни ташкил этди. Микромолия ташкилотлари мажбуриятларининг 29 фоизи маҳаллий компаниялар, 28 фоизи тижорат банклари, 15 фоизи таъсисчилар ҳисобидан шаклланди. Эътиборли томони — облигациялар йўли билан жалб қилинган маблағлар 3,3 баробарга ошди.

Жами капитал 1,4 баробарга кўпайиб, 4,1 триллион сўмга етди. Микромолия ташкилотлари капитали 3,5 трлн сўм, ломбардларда эса 597 млрд сўмни ташкил этди.

Муаммоли кредитлар барқарор — NPL 2,4 фоиз

Микромолия ташкилотларида муаммоли кредитлар қолдиғи (NPL) 2026 йил 1 январь ҳолатига 263 млрд сўм ёки 2,4 фоизни ташкил этди — бу кўрсаткич 2025 йил боши даражасида сақланиб қолди.

Муаммоли кредитларнинг 86 фоизи "шубҳали", 14 фоизи "умидсиз" кредитлар ҳиссасига тўғри келди. Мазкур муаммоли кредитларнинг 56 фоизи "Tezcoin" (78 млрд сўм) ва "Шаффоф-молия" (71 млрд сўм) микромолия ташкилотлари зиммасига тўғри келди.

Муаммоли кредитларни қоплаш коэффициенти (NPL coverage ratio) 2025 йил бошига нисбатан 8 фоиз бандга ошиб, 65 фоизга етди — бу сектордаги эҳтиёткорлик захиралар сиёсатининг кучайганини кўрсатади.

Рентабеллик юқори даражада: ROA 38%, ROE 18,5%

2025 йил якунлари бўйича микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг жами даромадлари 5,1 триллион сўмни, жами харажатлари 3,9 триллион сўмни ташкил этди. Натижада 1,2 триллион сўм соф фойда олинган.

Микромолия ташкилотларида активлар рентабеллиги (ROA) 38,2 фоиз, капитал рентабеллиги (ROE) 18,5 фоизни ташкил этди. Ломбардларда бу кўрсаткичлар янада юқори: ROA — 55,4 фоиз, ROE — 52,3 фоиз.

Яна қаранг: Микромолия ташкилотлари кредит портфели 10 трлн сўмдан ошди.

Теглар:

#микромолия

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган