Асакабанк 1,2 трлн сўмлик акцияларни сотувга чиқармоқда

11.02.2026 11:52

179

Асакабанк жами қиймати 1 трлн 206,5 млрд сўмлик қўшимча оддий акцияларни чиқармоқда. Бу орқали банк устав капитали 15 фоизга оширилиб, қарийб 9 трлн сўмга етказилади.

Фото: Асакабанк

“Асакабанк” АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишининг 2026 йил 12 январдаги қарорига мувофиқ номинал қиймати 139,01 сўмлик 8 млрд 679 млн 231 минг 710 дона эгасининг номи ёзилган оддий ҳужжатсиз акцияларни чиқармоқда. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.

Акцияларнинг умумий қиймати 1 трлн 206,5 млрд сўмни ташкил қилади. Акциялар эмиссияси Истиқболли лойихалар миллий агентлиги томонидан 2026 йил 9 февраль куни РО338-23-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Акцияларнинг қўшимча чиқарилиши тўғрисидаги қарорга асосан Банк акциялари акциядорларга имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи тақдим этиш билан ёпиқ обуна усулида жойлаштирилади.

Банк акцияларини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга шахсларнинг рўйхати 2026 йил 12 январь холатига шакллантирилган Банк акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

Асакабанк акциядорлари рўйхати ва улар эгалик қилаётган акциялар бўйича маълумот қуйидагича:

  • Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 71.09 %
  • Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 28.17 %
  • “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ — 0.59 %
  • "Ўзавтосаноат” АЖ — 0.08 %
  • "Ўзагросуғурта" АЖ — 0.06 %
  • "Ўзбекинвест" экспорт-импорт суғурта компанияси акциядорлик жамияти — 0.01 %

Асакабанк устав капитали айни пайтда 7,7 трлн сўмни ташкил этади. Қўшимча акцияларнинг чиқарилиши орқали банк устав капитали 15 фоизга оширилиб, қарийб 9 трлн сўмга етказилади. 

Эслатиб ўтамиз, 15 январь санасида "Асакабанк" АЖ умумий ҳажми 1 трлн сўм бўлган имтиёзсиз, фоизли корпоратив облигацияларнинг бешинчи эмиссиясини амалга ошириши ҳақида хабар берган эдик. Банк ахборот хизматининг хабар беришича, 3 февраль куни “Асакабанк” АЖ ушбу рекорд ҳажмдаги корпоратив облигацияларни муваффақиятли жойлаштирган.

Теглар:

#асакабанк#акция

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган