Асакабанк 1 трлн сўмлик корпоратив облигацияларни чиқармоқда

14.01.2026 13:39

153

Асакабанк умумий қиймати 1 трлн сўм бўлган 2 минг дона корпоратив облигациялар эмиссиясини эълон қилди. Облигациялар муддати 5 йил, йиллик даромадлилик ставкаси 18 фоиз қилиб белгиланган.

Иллюстратив фото: Bankers.uz

"Асакабанк" АЖ умумий ҳажми 1 трлн сўм бўлган имтиёзсиз, фоизли корпоратив облигацияларнинг бешинчи эмиссиясини амалга оширади. Тегишли қарор банк кузатув кенгаши томонидан тасдиқланди.

Мазкур эмиссия доирасида 2 минг дона облигация чиқарилади. Ҳар бир облигациянинг номинал қиймати 500 млн сўмни ташкил этади. Облигациялар ҳужжатсиз (электрон) шаклда муомалага чиқарилади.

Облигацияларнинг муомалада бўлиш муддати жойлаштириш бошланган кундан эътиборан 1 710 кунни (5 йил) ташкил этади. Даромадлилик ставкаси йиллик 18 фоиз этиб белгиланган бўлиб, фоиз тўловлари ҳар 90 кунда бир марта амалга оширилади. Фоиз даромадлари Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан облигация эгалари реестри асосида тўланади.

Корпоратив облигациялар бўйича таъминот назарда тутилмаган. Шу билан бирга, муддатидан олдин сўндириш жойлаштириш бошланган кундан камида 1 095 кун (3 йил) ўтгач амалга оширилиши мумкин. Бунда облигациялар номинал қийматда қайта сотиб олинади ва даромад йиллик 18 фоиз ставка асосида ҳисобланади.

Облигациялар бирламчи жойлаштириш жараёнида чекланмаган доирадаги юридик шахслар учун очиқ обуна йўли билан таклиф этилади. Жойлаштириш муддати эмиссия қарори ва проспекти давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 365 кунни ташкил этади. Жойлаштиришнинг бошланиш санаси — қимматли қоғозлар эмиссияси давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганидан кейинги 15-кун.

Облигациялар фонд биржасида ва биржадан ташқари бозорда олди-сотди битимлари орқали муомалада бўлиши мумкин. Ҳисоб-китоблар фақат миллий валюта — сўмда, нақдсиз шаклда амалга оширилади. Сўндириш ҳам пул маблағлари орқали, сўмда ва нақдсиз шаклда бажарилади.

Шунингдек, «Asakabank»нинг 5-чи эмиссияси бўйича қарор ва эмиссия проспекти тасдиқланиб, банк бошқарувига ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида давлат рўйхатидан ўтказиш вазифаси юклатилди. Эмиссия ҳужжатларини имзолаш ваколати кузатув кенгаши аъзоси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Стратегик активларни трансформация қилиш бошқармаси давлат иштироки мавжуд банклар билан ишлаш бўлими бошлиғи Нуритдинова Наима Низомиддин қизига берилди.

Теглар:

#асакабанк#облигация

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган