“2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–49-сон, 05.02.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ 2026 йил 1 мартдан бошлаб оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган кредитлар бўйича муаммоли қарздорликни ундириш натижасида ҳоким ёрдамчиларига бонус тўловлари ажратилади.
Тўланадиган бонус миқдори 2022 йилгача ажратилган кредитлар бўйича — ундирилган сумманинг 20 фоизи даражасида, 2022 йилдан 2024 йил охиригача ажратилган кредитлар бўйича эса ундирилган сумманинг 10 фоизи даражасида тўланади.
Шунингдек, қарор билан ҳоким ёрдамчиларига нисбатан малака талаблари кучайтирилмоқда. Ҳоким ёрдамчиси лавозимига янги қабул қилинадиган шахсларга иқтисодиёт ва банк-молия соҳасида камида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлиш бўйича малака талаблари белгиланади.
Маълумот учун, 2026 йил 1 январь ҳолатига, банк тизимидаги жами муаммоли кредитлар ҳажми 18 трлн 55 млрд сўмни ташкил қилмоқда.
