Январь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми 8,76 млрд долларга ошиб, навбатдаги тарихий рекордни ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.
1 февраль ҳолатига кўра, мамлакат захираларидаги активларнинг умумий қиймати 75 млрд 80 млн долларни ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан 13,2 фоизга ўсди. Бу олтин-валюта захиралари статистикаси очиқланаётган даврдан бери янги рекорд кўрсаткичдир.
Манба: Марказий банк
Марказий банкдаги олтин қиймати кетма-кет еттинчи ой рекордни янгилаб, $64,98 млрдни ташкил қилди. Ўтган ойга нисбатан бу кўрсаткич $9,88 млрдга (+17,9%) ошди. 2025 йил бошидан бери 82% дан кўпроққа кўпайди
“Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026 йил январь ойида 8,8 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4389,45 доллардан 5063,45 долларгача ошишининг таъсири +8,6 млрд долларни ташкил этди”, дея изоҳ берди Марказий банк.
Захиралардаги олтиннинг рекорд даражада ошиши фонида хорижий валютадаги захира активлар 1,1 млрд долларга камайган ва 9,5 млрд долларни ташкил қилган. Бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб рақамларидаги валюта захиралари миқдори 1,1 млрд доллар (-373,9 млн доллар), хорижий банкларда эса 6,9 млрд долларга (-752,6 млн доллар) тенг бўлган.
Олтиннинг соф ҳажми 12,55 млн трой унциядан 12,83 млн трой унцияга (+0,28 млн трой унция) ошган.
Аввалроқ 100 граммлик олтин қуймалар нархи қарийб 200 млн сўмга чиққани ҳақида хабар берган эдик.
