Олтин қуймалар нархи кетма-кет учинчи кун рекордни янгилади

23.01.2026 15:44

470

Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи кетма-кет учинчи кун ўсишда давом этмоқда. Масалан, 100 граммлик олтин қуймалар нархи бугун 195 млн 854 минг сўмга етди. Январь ойи бошидан бери олтин қуймалар нархи 12,1 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 65,5 фоизга қимматлади.

Фото: Марказий банк

Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи кетма-кет уч кун давомида кўтарилиб, навбатдаги рекордни янгилади. Хусусан, 23 январь учун 100 граммлик олтин қуймалар нархи бир кунда 1 млн 516 минг сўмга ошиб, 195 млн 854 минг сўм этиб белгиланди.

Манба: Марказий банк

Январь ойи бошида 100 граммлик олтин қуйма нархи 174 млн 694 минг сўмни ташкил этганди. Бугунги кунгача мазкур ўлчамдаги қуймалар 21 млн 160 минг сўмга қимматлашди.

2025 йилнинг 23 январь санасидаги нархлар билан солиштирилганда:

  • 5 граммлик олтин қуймалар 3 млн 877 минг сўмга;
  • 10 граммлик олтин қуймалар 7 млн 753 минг сўмга;
  • 20 граммлик олтин қуймалар 15 млн 506 минг сўмга;
  • 50 граммлик олтин қуймалар 38 млн 766 минг сўмга;
  • 100 граммлик олтин қуймалар 77 млн 531 минг сўмга ёки 65,5 фоизга ошган.

Бундай йирик ўсиш Ўзбекистонда мавжуд бошқа инвестиция воситаларига (кўчмас мулк, сўмдаги депозитлар) нисбатан анча юқори ҳисобланади.

Gold Price маълумотларига кўра, 23 январь санасига 1 троя унцияси учун олтин нархи 4 900 доллардан-долларни ташкил қилмоқда.

Глобал миқёсда олтин нархининг ошиши Ўзбекистон халқаро валюта захиралари ўсишига ҳам таъсир кўрсатиб, 1 январь ҳолатига 63,3 млрд долларга етди. Захиралар 2025 йил давомида 25 млрд долларга ошган.


Теглар:

#олтин қуймалар#олтин

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган