Ислом банкларидаги "инвестициявий омонатлар" давлат томонидан кафолатланмайди

06.02.2026 18:23

105

Исломий молия асосида фаолият юритаётган банкларнинг тегишли шартлар асосида жалб қиладиган маблағлари "инвестицион омонат" деб аталиши маълум бўлди. Бунда маблағлар эгаси барча хавф-хатарларни банк билан тенг бўйнига олади ва ушбу маблағлар давлат томонидан кафолатланмайди.

Фото: muslim.ru

Аввал хабар берганимиздек, 2026 йил 5 февраль куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида исломий банк хизматларини ҳуқуқий жиҳатдан жорий этишга қаратилган Қонун маъқулланди.

Ялпи мажлисда сенатор Икромхон Нажмиддинов "Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг 3-моддасига киритилаётган "инвестициявий омонат" тушунчаси ва бу турдаги омонатнинг ҳозирда мавжуд анъанавий омонатлардан фарқи ҳамда нима сабабдан бу омонат тури алоҳида кўрсатиб ўтилгани тўғрисида савол берди.

Ушбу саволга Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Турдалиев жавоб берди.Турдиалиевнинг тушунтиришича, исломий молия асосида фаолият юритаётган банкларнинг фойдани тақсимлаш ва вакиллик шартномалари асосида жалб қиладиган маблағлари "инвестицион омонат" деб қайд этилган. Анъанавий омонатларда эса омонат муддати ва фоиз ҳисобланиши мажбурий белгиланган ва кафолатланган.

Исломий молияга асосланган банк тизимида пул маблағлар инвестиция тарзида берилади ва бу маблағлар эгаси барча хавф-хатарларни банк билан тенг бўйнига олади.

Шундан келиб чиқиб бу турдаги омонатлар "Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида"ги қонунда кафолатланмаслиги алоҳида қайд этилмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ислом иқтисодиётининг олтин қоидаси — "Ал-ғунму бил-ғурм" (Фойда хатар эвазигадир) ҳисобланади. Яъни, ким фойда олишдан умидвор бўлса, зарар кўриш хавфини ҳам бўйнига олиши шарт. Агар банк (ёки давлат) фуқарога "фойдани оласиз-у, лекин ҳеч қачон зарар кўрмайсиз" деб ваъда берса, бу шерикчилик эмас, балки "кафолатланган судхўрлик"ка айланиб қолади.

Ўзбекистон қонунчилигидаги инвестицион омонатларнинг давлат кафолатида бўлмаслиги — бу омонатчиларни ҳимоясиз қолдириш эмас, балки тизимнинг Шариатга ҳақиқий мувофиқлигини таъминлаш йўлидаги қадамдир.

Эслатиб ўтамиз, "Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида"ги Қонунга кўра, фуқароларнинг ва тадбиркорларнинг банкларда сақланаётган 200 млн сўмгача бўлган омонатлари (депозитлари) қайтарилиши давлатнинг махсус Агентлиги томонидан кафолатланади.

Теглар:

#исломмолияси#омонат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган