Сенат Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга доир қонунни маъқуллади

05.02.2026 15:11

201

Олий Мажлис Сенати исломий банк хизматларини ҳуқуқий жиҳатдан жорий этишга қаратилган Қонунни маъқуллади. Ҳужжатга мувофиқ, 2 та кодекс ва 7 та қонунга исломий банк фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайдиган нормалар киритилмоқда. Қонун расман кучга кириши учун Президент томонидан маъқулланиши керак бўлади.

Фото: Senat.uz

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, кейинги йилларда Ўзбекистонда замонавий банк хизматларини жорий қилишга ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда банк тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги муқобил банк хизматларини жорий этиш зарурати юзага келаётгани таъкидлаб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, мазкур Қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

Фото: Senat.uz

Хусусан, Қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланмоқда. Жумладан, мазкур лицензия билан банклар томонидан тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга ошириш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилмоқда. Унга асосан исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилиб, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, мамлакатимизда рақобат муҳитининг яхшиланишига ҳамда банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларнинг кириб келишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистонда исломий банк фаолиятига оид қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди.


Теглар:

#қонунчилик#қонун

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган