Марказий банк 2025 йил якуни бўйича ички валюта бозори шарҳини тақдим этди.
2025 йил Ўзбекистон ички валюта бозори инфратузилмасида муҳим таркибий ўзгаришлар фонида чет эл валютаси билан боғлиқ операцион фаолликнинг ўсиши кузатилди.
Бунда, экспорт тушумлари, хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳамда халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши хорижий валюта таклифини сезиларли даражада ўсишига олиб келди.
Импортни молиялаштириш ҳамда иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари валютага бўлган талабни оширувчи омиллардан бўлди.
Юридик шахслар
2025 йил давомида юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, валюта таклифи ҳажми 36 фоизга ошди.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт тушумлари ҳисобига шаклланадиган валюта таклифи ушбу даврда 18 фоизга ошиб, 18,0 млрд долларни ташкил этди. Мазкур экспорт тушумларининг 9,8 млрд доллари ёки 40 фоизи ички валюта бозорида сотилди (2024 йилга нисбатан 19 фоиз ёки 1,6 млрд долларга кўп).
Шунингдек, 2025 йилда ички валюта бозорига 9,7 млрд долларлик валюта маблағлари банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилди (2024 йилга нисбатан 69 фоиз ёки 4,0 млрд долларга кўп).
Импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 63,7 фоизни (2024 йилда – 63,7 фоиз), хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 24,0 фоизни ташкил этди (2024 йилда – 24,5 фоиз).
Сотиб олинган хорижий валютанинг асосий қисми – 50 фоизи ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 28 фоизи – хорижий валютадаги кредитларни сўндириш, 17 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 2 фоизи – хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 3 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.
Жисмоний шахслар
Аҳоли томонидан тижорат банкларига 21,7 млрд доллар сотилиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошди (2024 йилда – 16,1 млрд доллар).
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан 12,0 млрд доллар сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 27 фоизга ўсди (2024 йилда – 9,4 млрд доллар).
Умуман олганда, жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 9,7 млрд долларга ортиқ бўлди (2024 йилга нисбатан 1,4 баробар кўп).

Манба: Марказий банк
Мазкур даврда аҳолининг банкларга валюта сотувининг асосий манбаи бўлган халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимизга 18,9 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушди (2024 йилга нисбатан 28 фоиз ёки 4,1 млрд долларга кўп).
Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимиздан 2,6 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари чиқиб кетган бўлиб, 2024 йилга нисбатан 138 млн долларга камайди.
