"Бугуннинг ўзида 100 млрд сўм тўланди" — Бизнесни ривожлантириш банки Yangi Bank омонатчилари бўйича ахборот берди

29.01.2026 12:54

382

Бугундан бошлаб Бизнесни ривожлантириш банки томонидан тегишли тартибда Yangi Bank омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини тўлаш бошланди. Биринчи куннинг ўзида (соат 16:00 ҳолатига) жами 100 млрд сўм тўланган бўлиб, бу жами тўлаб берилиши керак бўлган сумма (208 млрд сўм)нинг деярли ярмини ташкил қилади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан “Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки Yangi bank акциядорлик жамияти омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини амалга ошириш юзасидан агент-банк сифатида белгиланди.

2026 йил 29 январь куни daryo.uz интернет нашри студиясида ўтказилган брифингда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов бугундан қонунчиликда белгиланган тартибда омонатчиларга кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловларини амалга ошириш бошланганини маълум қилди.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Қонунчиликка мувофиқ, 200 миллион сўмгача бўлган кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари Омонатларни кафолатлаш агентлиги маблағлари ҳисобидан мазкур банк орқали тўлаб берилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами кафолатланган омонатлар бўйича 31 507 нафар омонатчига 208 миллиард сўм миқдорида компенсация тўланиши режалаштирилган. Бу Yangi bank омонатчиларининг 98,7 фоизини қамраб олади.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Омонатчилар кесимида 31 327 нафар жисмоний шахсга – 205 миллиард сўм, 126 нафар юридик шахсга – 2 миллиард 900 миллион сўм ҳамда 54 нафар Якка тартибдаги тадбиркорга – 261 миллион сўм тўлаб берилади. 

Брифингда қайд этилганидек, компенсация тўловлари омонатчиларни қонунчиликка мувофиқ идентификациядан ўтказган ҳолда амалга оширилади. Жумладан уларга омонатчилар реестридаги ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиб, сўнгра компенсация тўловларини олиш имконияти яратилади. 

Жисмоний шахслар компенсация тўловларини “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг “BRB mobile” иловаси орқали онлайн тарзда банк карталарига ўтказиши ёки агент-банкнинг жамғарма омонатига жойлаштиришлари мумкин.

Фото: Бизнесни ривожлантириш банки

Шунингдек, компенсация маблағларини агент-банкнинг ҳудудлардаги исталган банк хизматлари марказларидан нақд пул шаклида олишлари мумкин. 

Бунда жисмоний шахслар шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан банк хизматлари марказларига ташриф буюришлари лозим ёки белгиланган тартибда нотариал тасдиқланган ишончнома билан ўзларининг ишончли вакилларини юборишлари керак бўлади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга компенсация тўловлари мазкур банкнинг ҳудудлардаги банк хизматлари марказларига ташриф буюриш орқали мазкур банкнинг ўзида ҳисоб рақам очиш ёки бошқа банкдаги ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ расмийси компенсация тўловларини олиш учун омонатчилардан ҳеч қандай қўшимча тўлов талаб этилмаслигини таъкидлади.

Қонунчиликка мувофиқ, омонатчилар агент-банк томонидан компенсация тўланиши асоссиз кечиктирилганлиги фактлари тўғрисида Омонатларни кафолатлаш агентлигига хабар беришлари мумкин. 

Брифингда тўлов жараёнининг бориши ҳолати бўйича ҳам ахборот берилди. 2026 йил 29 январь соат 16.00 ҳолатига жисмоний шахс бўлган 1 220 нафар мижозга 100 млрд сўмдан ортиқ омонат маблағи тўлаб берилди.

Аввалроқ, омонатларни олиш бўйича йўриқномани тақдим этган эдик.

Теглар:

#Бизнесни_ривожлантириш_банки#Yangi_bank#омонат#компенсация

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган