Банк-молия соҳаси ходимларининг ўртача маоши 1400 долларни ташкил қилди

26.01.2026 16:59

91

Миллий Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 17 млн 597,5 минг сўмни ташкил этган. Соҳа ходимлари маоши тўрт йил ичида 1,8 баробарга ошган.

Фото: Getty Images

Миллий статистика қўмитаси томонидан 2025 йил учун номинал ҳисобланган ўртача иш ҳақлари ҳақидаги маълумот эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида ҳисобланган ўртача номинал иш ҳақи миқдори 17 млн 597,5 минг сўмни (йил охиридаги ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 9 млн 287,7 минг сўмга, 2024 йилга нисбатан 2,3 млн сўмга (+15,2 фоизга) ошган.

Номинал ҳисобланган иш ҳақи - маълум бир давр (соат, ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан, амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат.

Ўтган йил давомида АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача курси 12576 сўм бўлганини ҳисобга олсак, соҳа ходимлари учун ҳисобланган ўртача номинал ойлик иш ҳақи тахминан 1399,3 долларни ташкил қилади.

Соҳа таркиби бўйича ўртача ойлик иш ҳақи мажбурий ижтимоий суғурталашдан ташқари, қайта суғурталаш ва нафақа жамғармалари соҳасида 22 млн 296 минг сўмни, молиявий хизматлар кўрсатиш ва суғурталаш бўйича ёрдамчи фаолият соҳасида 19 млн 123,6 минг сўмни, суғурталаш ва нафақа таъминотидан ташқари молиявий хизматлар соҳасида 17 млн 179,5 минг сўмни ташкил этган.

Манба: Статқўм

Умуман олганда, Ўзбекистонда 2025 йил январь-декабрь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 6 млн 376,7 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизга ўсган. Ўзбекистонда энг юқори даромадли соҳа банк-молия соҳаси бўлиб қолмоқда.

Манба: Статқўм

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида (10 млн 753,8 минг сўм), Навоий вилоятида (7 млн 871,6 минг сўм), Тошкент вилоятида (5 млн 967,7 минг сўм) кузатилган.

 

Манба: Статқўм

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда банк-молия соҳаси ходимлари ойлик маоши олдинги йилга нисбатан 14,3 фоизга ўсган ва 15,3 млн сўмни ташкил этган эди.

Теглар:

#ўртача_иш_ҳақи

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган