Статистика агентлиги томонидан 2024 йил учун номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичлари эълон қилинди. Унда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда банк-молия соҳасида ўртача иш ҳақи ўсиши секинлашган.
Қайд этилишича, ўтган йилда банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти балан шуғулланувчиларнинг ўртача иш ҳақи 15,3 млн сўмни ташкил этиб, соҳа ходимлари маоши 14,3 фоизга ошган. Бу ўтган йилги ўсиш (+23,7%) кўрсаткичидан 65,7 фоизга камроқдир.
Умуман олганда, 2021 йилдан буён банк-молия соҳасида ўртача иш ҳақи ўсиши секинлашмоқда. 2021 йилда ўсиш кўрсаткичи 32,5 фоизни, 2022 йилда 30,0 фоизни, 2023 йилда 23,7 фоизни ташкил этган эди.
Фото: Статистика агентлиги
Ҳудудлар кесимида соҳадаги ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (18 млн 904,4 минг сўм), Андижон (14 млн 317,9 минг сўм) ва Навоий (13 млн 258,1 минг сўм) вилоятларида кузатилган. Энг кам кўрсаткич Фарғона (10 млн 26 минг сўм) Сирдарё (10 млн 207 минг сўм) ҳамда Самарқанд (10 млн 322 минг сўм) вилоятларида қайд этилди.
Фото: Статистика агентлиги
Юқори ўсиш суръати Хоразм вилоятида (119,9 %) ҳамда Бухоро вилоятида (116,7 %), энг кам ўсиш Фарғона (3,3 %) Жиззах (6,2 %) ҳамда Самарқандда (6,2 %) кузатилди.
Ўсиш динамикаси секинлашишига қарамай, банк-молия cектори Ўзбекистондаги энг юқори даромадли соҳа бўлиб қолмоқда. Таққослаш учун, ахборот ва алоқа соҳасида ўртача 13,2 млн сўм, ташиш ва сақлаш ─ 8,1 млн сўм ва саноат соҳаси ─ 6,4 млн сўм, таълим ─ 3,6 млн сўм ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 3,4 млн сўм иш ҳақи тўланмоқда.
Фото: Статистика агентлиги