Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил давомида 25 млрд долларга ошди

08.01.2026 16:14

104

2025 йил давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми 25 млрд доллардан кўпроққа (+61 %) кўпайиб, йил якунида янги рекорд даража — 66,3 млрд долларга етди. Захиралар ўсишида олтин қийматининг 23 млрд долларга (+72%) ошиши асосий рол ўйнади.

Фото: Bloomberg

2025 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳажми кўпайишда давом этди ва ой давомида 5,079 млрд долларга ошиб, навбатдаги тарихий рекордни ўрнатди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди.

2026 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати 66,3 млрд долларни ташкил этди. Бу олтин-валюта захиралари статистикаси очиқланаётган даврдан бери янги рекорд кўрсаткичдир.

Манба: Марказий банк

2025 йил давомида Ўзбекистоннинг халқаро валюта захиралари қарийб 25,130 млрд долларга ошди (+61 фоиз). Захираларнинг ўтган йилда олтин нархининг кетма-кет рекорд даражада қимматлашиши таъсир кўрсатди. Хусусан, захиралардаги олтин қиймати ўтган йилда 23,055 млрд долларга ўсди. 2025 йил январида олтин захираси 32 млрд долларни ташкил қилган бўлса, декабрга келиб қарийб 55,1 млрд долларга тенглашди.

Декабрь ойининг ўзида захиралардаги олтин қиймати 4,2 млрд долларга ошган. Бу даврда олтиннинг физик ҳажми 400 трой унцияга кўпайди ва 12,6 млн трой унцияни ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2025 йил декабрь ойида 5,1 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4 159,40 доллардан 4 389,45 долларгача ошишининг таъсири +2,9 млрд долларни ташкил этди, дейилади МБ изоҳида.

Шунингдек, халқаро захиралар таркибида хорижий валютадаги захира активларда ҳам ўсиш кузатилди (+829,1 млн доллар) ва 10,6 млрд долларга етди.


Теглар:

#олтин#олтин-валюта#захира

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган