Марказий банк ахборот хизматининг хабар беришича, “Humans” МЧЖ компаниясига тўлов хизматларини тақдим этган “Octagram” АЖ тўлов ташкилотида Марказий банкнинг тегишли фармойишига асосан ишчи гуруҳ тузилиб, текширув ўтказилган.
Текширув натижалари бўйича тузилган маълумотнома белгиланган тартибда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ҳуқуқий баҳо бериш ва ўз ваколати доирасида чоралар кўриш учун тақдим этилди.
Айни пайтда “Humans” компанияси билан боғлиқ ҳолат Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганилмоқда.
Шунингдек, Марказий банк фуқаролардан мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини сўради.
Шу ўринда яна бир бор таъкидлаймизки, ҳар бир банк ва тўлов ташкилоти молиявий хизматлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаши шарт.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг декабрь ойида ижтимоий тармоқларда Humans иловасига бириктирилган банк карталаридан фойдаланувчиларнинг рухсатисиз пуллар ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, регуляторга фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушганини тасдиқлади ва Humans иловаси орқали барча тўлов хизматларини тўхтатди.
