ЕТТБ Асакабанк акциядорлари таркибига киради

31.12.2025 12:09

199

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Асакабанк ўртасида банкни хусусийлаштиришнинг тижорат шартларини белгиловчи дастлабки келишув ("Term-sheet") имзоланди. Келишувга кўра, барча талаблар бажарилгач, ЕТТБ 2026 йилда Асакабанк акцияларининг 15 фоизини сотиб олиш орқали унинг акциядорига айланади.

Фото: Асакабанк

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Ўзбекистон ҳукумати номидан), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Асакабанк ўртасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида “Асакабанк” АЖни хусусийлаштиришнинг асосий тижорат шартларини белгилаб берувчи “Term-sheet” имзоланди. Бу ҳақда Асакабанк Матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сонли Фармони билан тасдиқланган "2020 — 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси"нинг ижроси доирасида имзолангани қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, ЕТТБ томонидан Асакабанк акцияларининг 15 фоизини сотиб олиш кўзда тутилган. Келишилган шартлар, шу жумладан, транзаксион, тартибга солувчи ва корпоратив-ҳуқуқий талаблар белгиланган тартибда тўлиқ бажарилганидан сўнг 2026 йилда ЕТТБнинг Асакабанк акциядорлари таркибига кириши белгиланмоқда.

Ушбу босқич Президентнинг давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилиш, давлат активларини бошқариш самарадорлигини ошириш, молиявий хатарларни камайтириш ҳамда банк тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сонли Фармони ижросининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Асакабанкни хусусийлаштириш доирасида ЕТТБ билан ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:

  • корпоратив бошқарув сифатини ошириш ва банк фаолиятининг шаффофлигини кучайтириш;
  • хатарларни бошқариш ва ички назорат тизимларига халқаро стандартларни жорий этиш;
  • банкнинг капитал базаси ва операцион барқарорлигини мустаҳкамлаш;
  • барқарор, бозор тамойилларига асосланган ва тижорат мақсадларига мос ривожланиш моделини шакллантириш;
  • хусусийлаштиришнинг кейинги босқичлари олдидан банкнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон молия бозорига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатнинг рақобатбардош ва барқарор банк секторини янада ривожлантиришга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган "2026-2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегия"га кўра, Ўзсаноатқурилишбанкни хусусийлаштириш 2025-2026 йилларга, Асакабанк, Алоқабанк ва Туронбанкни хусусийлаштириш 2026-2027 йилларга кўчирилган эди.

Теглар:

#асакабанк#ЕТТБ

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган