Бир неча товар ва хизматлар учун нақд пулда тўловлар қабул қилиш тақиқланиши мумкин

Бир неча товар ва хизматлар учун нақд пулда тўловлар қабул қилиш тақиқланиши мумкин

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистонда нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш ва бир қатор товарларни улгуржи сотишни нақд пулсиз шаклдаги ҳисоб-китобларга ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 13 февраль куни Ўзбекистон Президентига тақдим этилган тақдимотда сўз борди, деб хабар бермоқда "Газета.uz" нашри.

Хабарга кўра, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш мақсадида, электрон тўлов тизими хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

1 апрелдан бошлаб қуйидаги ташкилотларнинг электрон тўлов тизимларига мажбурий уланиши орқали нақд пулсиз шаклда ҳисоб-китобларни жорий этиш таклиф этилмоқда:

  • аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари;
  • нефть ва газ маҳсулотларини реализация қилувчи юридик шахслар;
  • мулкни ижарага бериш билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • уй-жойларни жисмоний шахсларга сотувчи қурилиш ташкилотлари. Бунда хонадонлар учун тўловларни нақд пулсиз шаклда электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга апрелнинг илк кунидан бошлаб нақд пулга сотиб олинган товарларнинг кирим қилинишини Солиқ қўмитасининг E-Ombor (E-Aktiv) тизимида рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қурилиш учун ёғоч, металл (темир лист, арматура, алюминий профиллар), автомобиль шиналари ва шакар улгуржи савдосини нақд пулсиз шаклга ўтказилиши қайд этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдонинг янги қоидаларини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда нақд пулда тўловларни амалга ошириш учун 100 млн сўмлик (БҲМнинг 300 баравари) лимитни ўрнатиш режалаштирилгани айтилган.

2023 йил декабрь ойида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида нақд пул муомаласини қисқартириш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрлангани ҳақида айтган эди. Гап айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ҳақида бормоқда, деганди вазир ўринбосари.

Президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш соҳасида 140 трлн сўм, қурилишда 50 трлн сўм, саноатда 40 трлн сўм маҳсулот "сояда" қолаётганини таъкидлаганди. Агар юқоридаги соҳаларда вазият жойида бўлганида бу ЯИМга 135 трлн сўм, давлат бюджетига эса 30 трлн сўм миқдорида тушум қилиш мумкинлиги ҳам айтилганди.

×