2026 йилда Ўзбекистон банкларидаги NPL миқдори максимал кўрсаткичга етади — Fitch

04.12.2025 11:01

73

Fitch Ratings’нинг баҳолашича, 2026 йилда Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлар улуши 9–10% гача ошиши мумкин. Бу, асосан, давлат банкларидаги олдиндан тўпланиб келган "эски хавфлар"ни тан олиш ва жисмоний шахслар кредитларининг “муддатлари келиши" билан боғлиқ. Шу билан бирга, жами кредитлар ҳажми келаси йил ҳам тахминан 15% ўсиши кутилмоқда.

Фото: Bloomberg

Fitch Ratings агентлиги 2026 йилда Ўзбекистон банк тизимида муаммоли кредитлар даражаси максимал кўрсаткичга етиб, умумий кредит портфелининг 9-10 фоизини ташкил этишини прогноз қилди.

Агентлик экспертларига кўра, бу асосан давлат банкларидаги “эски” хавфларни босқичма-босқич тан олиш билан боғлиқ бўлади.

“Биз, шунингдек, жисмоний шахслар портфелларида ҳам кредитлар ‘пишиши’ (loan seasoning) сабабли, муаммоли кредитлар кўпайишини кутмоқдамиз," дейилади Fitch баёнотида.

Банклардаги муаммоли кредитлар миқдори октябрь ойида 1,1 трлн сўмга кўпайиб, 22,3 трлн сўмга етди. Муаммоли кредитларнинг жами кредит қўйилмаларидаги улуши 3,77 фоизни ташкил қилмоқда. Муаммоли кредитларнинг катта миқдори (15,8 трлн сўм) давлат улуши мавжуд банкларга тегишлидир. Қолган банклардаги NPL ҳажми 6,5 трлн сўмни ташкил қилади.

Давлат банклари томонидан йирик кредитларни ҳисобдан чиқариш (write-off) амалиёти ва Марказий банкнинг чакана кредитлашга нисбатан эҳтиёткор, айниқса, гаровсиз истеъмол кредитларига нисбатан қаттиқ позицияси кредитлар ўсишини чеклаб туради.

Шунга қарамай, Fitch’нинг асосий (базавий) сценарийсига кўра, кредитлар ўсиши барибир мустаҳкам бўлиб, тахминан 15 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Fitch Ratings TBC Bank Uzbekistan бўйича прогнозини қайтадан "барқарор"га ўзгартиргани ҳақида хабар берган эдик.


Теглар:

#fitch#NPL

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган