Октябрь ойида муаммоли кредитлар миқдори 1,1 трлн сўмга ошди

26.11.2025 12:35

533

Октябрь ойида банкларнинг жами кредит портфели 10,6 трлн сўмга ўсиб, 1 ноябрь ҳолатига 592,9 трлн сўмни ташкил қилди. Банклардаги муаммоли кредитлар миқдори ой давомида 1,1 трлн сўмга кўпайиб, 22,3 трлн сўмга етган. Жами NPL'нинг ўсишига учта давлат банкидаги муаммоли кредитлар кўпайиши кўпроқ сабаб бўлган.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк томонидан 1 ноябрь ҳолатига тижорат банкларининг кредит портфели ҳамда муаммоли кредитлари миқдори тўғрисида маълумот эълон қилинди.

Банкларнинг жами кредит портфели октябрь ойи давомида 10,6 трлн сўмга ўсиб, 592,9 трлн сўмни ташкил қилган. Кредит қўйилмалари давлат банкларида 6,9 трлн сўмга, бошқа банкларда эса 3,7 трлн сўмга ўсган.

Ўзмиллийбанк (-42,7 млрд сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (-193 млрд сўм), TBC Bank (-236,7 млрд сўм), Тенге банк (-71,8 млрд сўм),  Азия Альянс банк (-7,6 млрд сўм), Пойтахтбанк (-8,7 млрд сўм), Uzum Bank (-6,6 млрд сўм), Эрон Содерот банк (-7,8 млрд сўм) ларда кредит қўйилмалари қолдиғи камайган. Бошқа барча банкларнинг портфелида ўсиш кузатилган.

Портфелнинг нисбатан жадалроқ миқдорий ўсиши Агробанк (+3,0 трлн сўм), Асакабанк (+1,9 трлн сўм), Капиталбанк (796,1 млрд сўм), Hamkorbank (+699,6 млрд сўм)ларда рўй берган.

Инфографика: Марказий банк

Муаммоли кредитлар

Банклардаги муаммоли кредитлар миқдори ой давомида 1 трлн 112 млрд сўмга кўпайиб, 22,3 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Давлат улуши мавжуд банкларда NPL 1,25 трлн сўмга ошган бўлса, бошқа банкларда муаммоли кредитлар 137,8 млрд сўмга камайган.

Банклар кесимида Капиталбанк (-177,5 млрд сўм), Ориент Финанс банк (-112,6 млрд сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (-76,2 млрд сўм), Davr Bank (-24 млрд сўм) муаммоли кредитларни нисбатан камайтиришга эришганлар.

Ўзмиллийбанк (+866,6 млрд сўм), Агробанк (+298 млрд сўм), Асакабанк (+90,3 млрд сўм), TBC Bank (+46,1 млрд сўм) ларда муаммоли кредитлар ой давомида нисбатан сезиларли миқдорда кўпайган.

Муаммоли кредитларнинг жами кредит қўйилмаларидаги улуши ой давомида 0,12 фоиз бандга ошиб, 3,77 фоизга етган. Бирорта банкда NPL улуши икки хонали сон эмаслигини алоҳида қайд этиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уч чорак якуни бўйича Ўзбекистон банкларининг жами кредит портфели йил бошига нисбатан 49 трлн сўмга ўсгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#NPL#кредит_портфели

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган