Европа Иттифоқида яшовчи россияликлар Revolut онлайн-банкидаги ҳисобларини Марказий Осиёдаги давлатлар, хусусан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон банклари томонидан чиқарилган карталар орқали тўлдира олмаётгани ҳақида хабар берган. Oninvest нашри бешта худди шундай ҳолат ҳақида маълумотга эгалигини маълум қилган.
Бу ҳолатларнинг барчасида Revolut мижозларига “ҳисобни тўлдириш учун карта энди қўллаб-қувватланмайди” деган изоҳ билан пул ўтказиш рад этилган. Ваҳоланки, фойдаланувчилар пул ўтказмоқчи бўлган банкларнинг ҳеч бири санкция остида эмас.
Oninvest хабар беришича, 1 декабрдан бошлаб ЕИ ҳудудида яшовчи Revolut мижозлари учун Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон карталаридан Revolut ҳисобига тўлдириш амалиёти ишламайди.
Revolut қўллаб-қувватлаш хизмати мижозлардан бирига ҳозирча фақат картадан картага ўтказиш имкони йўқлигини, аммо бошқа амалиётлар ишлашини билдирган. Масалан, Revolut ҳисобини Apple Pay ёки Google Pay электрон ҳамёнлари орқали тўлдириш, шунингдек, халқаро банк ўтказмалари орқали маблағ киритиш мумкин.
Рад этиш сабабини тушунтирар экан, Revolut бу ҳолатни ўзининг ички қоидалари ҳамда халқаро тўлов тизимларининг комплаенс сиёсатидаги ўзгаришларга амал қилиш мажбурияти билан изоҳлаган.
“Бу Revolutнинг мустақил равишда қабул қилган қарори эмас, балки тўловларни қайта ишловчи ҳамкорларимизнинг талабларига риоя қилиш зарурати”, дейилади изоҳда.
Ўзгаришларга кўра, тўлов тизимлари айрим давлатларни карталардан ҳисобни тўлдириш бўйича юқори хавфли тоифага киритган. Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам шу давлатлар қаторида.
Фойдаланувчилар, шунингдек, МДҲ давлатлари банкларининг мобил иловалари орқали ҳам Revolut ҳисобини тўлдира олмаган — транзакцияни амалга оширишга уринилганда, иловалар хатолик қайд этган.
Бундан ташқари, Францияда яшовчи икки нафар Revolut мижозига банкдан 52 давлат банклари томонидан чиқарилган карталардан ҳисобни тўлдириш тақиқланиши ҳақида хат юборилган.
Хатда айтилишича, эндиликда 50 дан ортиқ давлат банклари томонидан чиқарилган карталардан Revolut ҳисобига пул ўтказиш мумкин бўлмайди. Ушбу рўйхатга Монако, Исроил, Сербия, шунингдек Россия-Украина уруши бошланган йилдан кейин россияликларнинг оммавий кўчиши кузатилган бир қатор давлатлар ҳам киритилган.
Хатда келтирилган давлатлар рўйхати:
Осиё: Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Хитой, Шимолий Корея, Грузия, Гонконг, Эрон, Ироқ, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Лаос, Ливан, Мьянма, Непал, Уммон, Покистон, Сурия, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Туркманистон, БАА, Ўзбекистон, Вьетнам, Яман.
Европа: Беларусь, Монако, Россия, Сербия.
Африка: Жазоир, Ангола, Буркина-Фасо, Камерун, Конго Демократик Республикаси (КДР), Кот-д’Ивуар, Кения, Ливия, Мали, Мозамбик, Намибия, Нигерия, Жанубий Африка, Жанубий Судан, Танзания, Зимбабве.
Шимолий Америка: Куба, Гаити, Тринидад ва Тобаго.
Жанубий Америка: Венесуэла.
Океания: Вануату.
Айрим мутахассислар мазкур ҳолат Европа Иттифоқи томонидан 23 октябрь куни қабул қилинган 19-санкциялар пакети билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Маълумот учун, Revolut Британия молиявий технология компанияси бўлиб, Европа Иттофоқи бўйлаб жисмоний шахслар ва бизнес учун рақамли банкинг хизматларини таклиф қилади. Компания Буюк Британиядаги энг қиммат стартап ва дунёдаги энг йирик "яккашох"лардан бири ҳисобланади.
