Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг бир қатор банкларига ҳам санкциялар жорий қилди

23.10.2025 20:05

319

Европа Иттифоқининг навбатдаги санкциялар пакетидан Россия ва Беларуснинг бир нечта банклари билан бир қаторда Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда фаолият юритувчи банклар ҳам "ўрин" олди. Хусусан рўйхатга ВТБ-Қозоғистон, Қирғизистондаги Евроосиё жамғарма банки ҳамда Тожикистондаги 3 та банк киритилган.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи 23 октябрь куни Россияга қарши навбатдаги — 19-санкциялар пакетини тасдиқлади. Ушбу чекловлар Украинадаги вазият муносабати билан Россияни молиявий қўллаб-қувватлаш эҳтимоли бор бошқа давлатлар ташкилотларига ҳам татбиқ этилмоқда.

Европа Кенгаши баёнотига кўра, санкциялар Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, шунингдек Бирлашган Араб Амирликлари ва Гонконгда фаолият юритувчи саккизта банк ҳамда бир нечта нефть савдоси билан шуғулланувчи компанияларни қамраб олди. Уларга Европа Иттифоқи ҳудудида транзакцияларни амалга оширишга чекловлар белгилади.

Шунингдек, Беларусь ва Қозоғистоннинг яна тўртта банки Россиянинг молиявий тўлов тизимларига алоқадорлиги сабабли чекловларга учради.

"Қора рўйхат"га ВТБ Қозоғистон, Беларусдаги ВТБ ва Альфа-банк шўъба корхоналари, Евроосиё жамғарма банки (Қирғизистон), Душанбе Сити банк (Тожикистон), Спитамен банк (Тожикистон) ҳамда Тожикистон Коммерс банки ҳам киритилган.

Бундан ташқари, Payeer криптовалюта тўлов хизмати ҳам санкцияга тортилди.

Европа Иттифоқи ушбу пакет доирасида Россиянинг қатор молиявий муассасаларига, жумладан: "Истина", "Земский банк", "Абсолют банк", "МТС банк" ва "Альфа-банк"ларга ҳам қўшимча чекловлар жорий этди.

ЕИнинг таъкидлашича, мазкур чоралар Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш имкониятларини чеклаш ва санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларини бартараф этишга қаратилган.

Теглар:

#еврокомиссия#санкция

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган