2025 йилнинг 17–25 ноябрь кунлари Халқаро валюта жамғармаси миссияси раҳбари Яссер Абдиха бошчилигидаги делегация Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлар ўтказиб, мамлакатнинг жорий иқтисодий ҳолати, ривожланиш истиқболлари ва иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди. Миссия якунида мамлакатда фискал интизомни кучайтириш, солиқ базасини кенгайтириш ва банк секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш тавсия қилинди.
Иқтисодиёт барқарор суръатларда ўсишда давом этмоқда
XВЖ баёнотига кўра, 2025 йилнинг дастлабки уч чорагида Ўзбекистоннинг реал ЯИМ ўсиши 7,6 фоизни ташкил этди. Ўсиш асосан инвестициялар ҳажмининг ортиши ва ички талабнинг кучайиши ҳисобига таъминланган. Инфляция суръатлари эса сўнгги ойлар давомида пасайиб, октябр якунларига кўра умумий инфляция 7,8 фоиз, базавий инфляция 6,6 фоиз бўлди. Бу ўтган йили энергия ташувчиларга маъмурий нархларнинг оширилиши оқибатларининг сусайиши, реал айирбошлаш курси мустаҳкамланиши ва қатъий пул-кредит сиёсати фонида кузатилди.
Чакана секторда кредитлаш барқарор суръатларда ўсмоқда: номинал инфляцияни ҳисобга олинганда, сентябр ойига келиб ўсиш аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизни ташкил этди, корпоратив сектор эса янада мўътадил кредитлаш суръатларини намоён этди. Жорий ҳисоб баланси дефицити йилнинг биринчи ярмида сезиларли даражада қисқарди, бунга олтин нархининг юқорилиги, олтин билан боғлиқ бўлмаган экспортнинг фаол динамикаси ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши сабаб бўлди.
Октябрь ойининг охирига келиб халқаро захиралар потенциал импортнинг 12 ойлик ҳажмига тенг даражада юқори кўрсаткичда қолмоқда. Тахминларга кўра, реал ЯИМ ўсиш суръатлари жорий йилда 7 фоиздан ошади ва истеъмол ҳамда инвестицияларнинг барқарор ўсиши ёрдамида 2026 йилда тахминан 6 фоиз даражасида юқори кўрсаткичда сақланиб қолади. Кутилмаларага кўра, инфляция босқичма-босқич камаяди ва 2027 йил охирига келиб Ўзбекистон Марказий банкининг 5 фоиз миқдоридаги мақсадли даражасига етади.
Солиқ базасини кенгайтириш зарур
ХВЖнинг фикрича, солиқ тушумлари улушини ошириш учун қуйидаги ташаббуслар муҳим: ўрта муддатли даромад стратегиясининг амалга оширилиши, Солиқ қўмитасини ислоҳ қилиш режасининг тасдиқланиши ҳамда яширин иқтисодиётга қарши кураш стратегиясининг кучайтирилиши.
Бунда устувор йўналишлар сифатида янги солиқ имтиёзларини чеклаш, солиқ харажатларини ўлчаш методологиясини жорий этиш ва уларни бюджетда эълон қилиш, солиқ текширувлари сифатини ошириш, солиқ маъмурчилигини кенгайтириш, шу билан бирга солиқ тўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Пул-кредит сиёсати: қатъийлик муҳим
Гарчи инфляция даражаси пасайган бўлса ҳам, Марказий банкнинг 2025 йил мартидан буён асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш қарори мақсадга мувофиқ.
ХВЖга кўра, инфляция аниқ равишда пасайиш йўлига ўтмагунча Марказий банк қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириши керак.
Миссия 2025 йил апрел ойида қабул қилинган валюта курси мослашувчанлигини ошириш чораларини ижобий баҳолади. Бу чоралар иқтисодиётни ташқи зарбаларга нисбатан барқарор қилади ва инфляцион таргетлаш режимини қўллаб-қувватлайди.
Банк сектори ислоҳотларини жадаллаштириш зарур
ХВЖ ўз баёнотида молия секторини ислоҳ қилишни тезлаштиришга чақирган. Иқтисодиётнинг фаол ўсиши директив ва имтиёзли кредитлашни қисқартириш бўйича чораларни жадаллаштириш учун мустаҳкам замин яратади.
Миссия Ўзбекистон Марказий банкига FSAP (Молия сектори баҳолаш дастури) бўйича барча тавсияларни ўз ичига олган комплекс “йўл харитаси”ни тасдиқлашни таклиф қилган. Бу ҳужжат Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ҳамда бошқа регуляторлар масъулиятига тааллуқли йўналишларни ҳам қамраб олиши лозим. Бу ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлайди ва зарур техник ёрдам олиш имконини беради.
Таркибий ислоҳотлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга
Қуйидаги йўналишлар иқтисодиётнинг барқарор ўсишини давом эттириш учун зарур:
- йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва қайта тузиш;
- корпоратив бошқарувни яхшилаш;
- давлат ёрдамини фақат ишончли реструктуризация режаларига эга корхоналарга бериш;
- рақобатни кучайтириш ва бизнес муҳитини яхшилаш;
- иқтисодиётни давлат иштирокидан хусусий сектор томонга силжитиш;
- меҳнат унумдорлигини ошириш;
- инфляцион кутилмаларни пасайтириш.
Шу билан бирга, фонд вакиллари Ўзбекистоннинг 2026 йил мартигача ЖСТга аъзо бўлиш бўйича саъй-ҳаракатлари олқишга сазоворлигини қайд этди.
Миссия, шунингдек, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишини, мулк ва активларни декларация қилиш бўйича қонун лойиҳасининг парламентга киритилишини олқишлаган.
