Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2025–2028 йилларда банк тизимида назорат ва тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли "Йўл харитаси"ни тасдиқлади. У халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки томонидан ўтказилган FSAP дастури тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.
Марказий банкнинг мазкур стратегик режаси амалдаги тизимни тубдан янгилашни кўзлаб, банклар устидан назорат, хавфларни бошқариш, омонатчиларни ҳимоя қилиш, шаффофликни ошириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш каби йўналишларни қамраб олади. Йўл харитаси 8 асосий йўналишга бўлинган бўлиб, ҳар бирида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Қуйидаги ҳар бир йўналиш бўйича режаларнинг асосийлари қисқа тарзда баён қилинган:
Қонунчиликни такомиллаштириш – “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида” ҳамда “Марказий банк тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилади. Марказий банкка банк гуруҳларидан (банк бўлмаган ташкилотлардан ҳам) маълумот талаб қилиш ва улар фаолиятини назорат қилиш ваколати берилади. Ахборот очиқлиги кучайтирилиб, банклардаги ҳар қандай муҳим ўзгаришлар ёки хавфли фаолият ҳақида олдиндан хабардор қилиш мажбурий қилинади. Банклар йирик инвестицияларни амалга оширишда Марказий банкни хабардор қилиши ёки рухсат олиши керак бўлади. Шунингдек, аудиторлар банкда аниқланган жиддий қонунбузарлик ҳолатларини зудлик билан регуляторга етказиши шарт қилиб белгиланади.
Пруденциал талабларни кучайтириш – Базель III стандартларига тўлиқ мослашиш орқали банклар учун капитал ва ликвидлик бўйича талаблар янгиланади. Капитал етарлилиги коэффициентлари қайта кўриб чиқилади, контрциклик ва консервацион буферлар жорий этилади. Тижорат банклари активларини баҳолашда NPL (муаммоли кредитлар) тушунчаси кенгайтирилади, кредитлар таснифига “қайта тузилган” ва “шартлари енгиллаштирилган” активлар каби халқаро тоифалар киритилади. Маҳаллий ва хорижий валюталардаги хавфлар, операциявий ва бозор таваккалчиликлари ҳисобга олинади.
Корпоратив бошқарув ва риск-менежмент – Банкларда таваккалчиликларни бошқариш қўмиталари мажбурий ташкил этилади. Банк раҳбарияти ва муҳим ходимлар учун зaxира (succession) режалари тайёрланади. Банклар давлат улушига эга компаниялар билан боғлиқ хавфларни баҳолаб, стресс-тест натижаларини бошқарув жараёнига интеграция қилади. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга алоҳида эътибор қаратилади. ICAAP тизими ва таваккалчиликлар бўйича очиқ маълумотлар нашр этиш амалиёти жорий этилади.
Назорат жараёнларини такомиллаштириш – Марказий банк томонидан инспекция (жойидаги текширув) ва масофадан назорат қилиш фаолияти қайта шакллантирилади. Кураторлар институти такомиллаштирилиб, улар учун лавозимни тарк этгандан сўнг шу банкда ишлашни тақиқловчи “совуш даври” жорий қилинади. Эҳтимолий муаммоларни эрта аниқлаш ва чора кўриш учун EWS (Early Warning System) ва PCA (Prompt Corrective Action) тизимлари ишлаб чиқилади. Иқлим таваккалчиликлари, стресс-тестларни интеграция қилиш ва курaтор фаолиятини назорат қилиш тизимлари жорий этилади.
Санация ва тугатиш тизими – Банкларни қайта тиклаш механизмлари яратилади: ортиқча активларни ўтказиш, "bridge bank" ташкил қилиш, қарзларни капиталга конвертация қилиш, махсус бошқарувчи тайинлаш ва санатсия жамғармасини шакллантириш. Тизимли банклар учун ечимлар режалари тайёрланади. Банкларни ихтиёрий ва мажбурий тугатиш тартиби алоҳида низом билан аниқланади. Жамоатчиликка омонатларни кафолатлаш тўғрисида хабардорликни ошириш ва компенсация тўлаш тартибини енгиллаштириш белгиланади.
Банкларни назорат қилишда ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш – Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ўртасида расмий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бунда доимий тарзда ўзаро тегишли маълумотлар ва махфий маълумотларни алмашиш тизими ишга тушади. Шунингдек, хорижий банкларнинг назорат органлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланади, назорат коллегиялари ташкил этилади.
Бошқа йўналишлар – Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашни кучайтириш мақсадида FATF стандартлари имплементация қилинади. Мутасаддилар халқаро сертификатлар орқали малака оширади, бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар йиғилиб таҳлил қилинади. Марказий банк назоратининг устувор йўналишлари ҳар йили эълон қилинади.
Молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган чораларни такомиллаштириш – Бу Кредит портфели сифати тўғрисидаги маълумотлар асосида тўлов қобилияти макро стресс-тестини жорий қилиш, корпоратив кредитлар бўйича валюта билан боғлиқ кредит таваккалчилигини стресс-тест орқали баҳолаш, тижорат банклари учун контрциклик капитал буферини жорий этиш, депозитлар концентрациясини таҳлил қилиш, тизимли таваккалчиликларни бошқаришда коммуникацион сиёсатни такомиллаштиришни ўз ичига олади.
Йўл харитасида белгиланган чора-тадбирлар самарали амалга оширилса, Ўзбекистон банк тизими халқаро стандартларга мос, хавфларга чидамли, фаолиятда шаффоф ва фуқаролар учун ишончли молиявий муҳитга айланади.
Bankers.uz юқоридаги ҳар бир йўналиш бўйича кўзда тутилган режалар бўйича қўшимча ва батафсил материаллар бериб боради.
