2025 йилнинг 25 ноябрь куни AVO Bank Кузатув кенгашининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш йиғилиш қарорига кўра, банк бошқаруви таркибида айрим ўзгаришлар содир бўлди, хусусан йиғилишда AVO bank бошқаруви раиси лавозимига янги номзодни тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Банк сайтида маълум қилинишича, 2023 йил февраль ойидан банк бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Артём Попов "келгусидаги шахсий ва профессионал лойиҳаларни амалга ошириш режалари билан боғлиқ" равишда ўз лавозимини тарк этди.
Артём Попов 2025 йил охиригача Кузатув кенгаши ва акциядори билан яқиндан ҳамкорликни давом эттириб, барча жараёнларни имкон қадар самарали топширилишига кўмаклашади.
AVO bank бошқаруви раиси лавозимини шу кунга қадар бошқарув раиси ўринбосари, Операцион ва Молиявий директор лавозимида ишлаб келган Дмитрий Святославович Мусиенко эгаллайди. Унинг номзоди Марказий банк томонидан тасдиқлангунга қадар, у раис вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритади.
AVO bank сайтидаги маълумотларга кўра, Д.Мусиенко Лондон ва Нью-Йоркдаги Credit Suisse ва Barclays банкларида рискларни бошқариш, молиявий маҳсулотларни тузиш ва моделлаштириш ҳамда трейдинг бўйича 19 йилдан ортиқ халқаро бошқарув тажрибасига эга мутахассис ҳисобланади.
