Марказий банк раиси ўринбосари Аюбхон Камалов Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
29 октябрь куни ўтказилган халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Наманган вилояти ҳокимининг Анвар Отаходжаевни Наманган шаҳар ҳокими лавозимидан озод этиш ҳамда Аюбхон Камаловни ушбу лавозимга тайинлаш тўғрисидаги қарори бир овоздан маъқулланди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги
А.Камалов 2020 йилнинг декабридан шу кунга қадар Марказий банк раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
У Марказий банкнинг нақд пул муомаласини ташкил этиш, банк тизимида услубий ишларни мувофиқлаштириш, кадрлар билан ишлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳамда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича банклар фаолияти мониторинги ҳамда маъмурий ишлар соҳасидаги фаолиятига раҳбарлик қилган.
Камалов Аюбхон Арибжанович 1971 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1993 йилда Санкт-Петербург давлат аграр университети (Ленинград қишлоқ хўжалиги институти) ни, 2001 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги — муҳандис-механик, молия ва кредит. Банк соҳасида 15 йилдан буён фаолият олиб боради.
Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Наманган вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Истиқболни белгилаш ва статистика бош бошқармаси мутахассислигидан бошлаган. 1994−2017 йилларда банк ва Молия вазирлиги тизимларида турли вазифаларда ишлаган.
2017−2019 йиллар давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ижрочи директори бўлган.
Аюбхон Камалов 2019 йил февралидан Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида, 2020 йилнинг майидан эса Вазирлар Маҳкамаси котибият мудири сифатида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Марказий банк раисига учта янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.
