Ўзбекистонда 2030 йилгача 10 та исломий банк пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда "Spot.uz" нашри Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиевдан олинган маълумотга таяниб хабар берди.
"Келгуси беш йил ичида камида 10 та тўлақонли исломий банк бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, [анъанавий банкларда] бир нечта „исломий дарчалар“ бўлади. Уларни учта давлат банкида очиш кўзда тутилган", — деган Марказий банк раиси ўринбосари ва булар қайси давлат банклари эканига ҳали аниқлик киритилмаганини қўшимча қилган.
Унинг таъкидлашича, МБ ислом молиясига яширин иқтисодиётдан маблағларни банк тизимига жалб қилишнинг муқобил механизми сифатида қарайди. Турдалиев анъанавий банк хизматларидан фойдаланмайдиган аҳоли улуши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, бу кўрсаткичларни баҳолашга эҳтиёткорлик билан ёндашиш кераклигини таъкидлади.
"Ислом молияси бўлганида яхшироқ бўларди, деб ҳисобловчилар ҳам, анъанавий банк хизматларини қатъий рад этувчилар ҳам бор. Биз баҳолаётганимизда саволни тўғри қўйиш муҳим. 50−60 фоиз кўрсаткич ҳақида гап кетганда, бу ислом молиясини афзал кўрувчилар ҳақида, лекин анъанавий хизматлардан бутунлай воз кечадиганлар сони анча кам", — дея тушунтирган у.
БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ўтказган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 68 фоизи ва тадбиркорларнинг 60 фоизи диний эътиқоди туфайли анъанавий банк хизматларидан фойдаланишни истамаслигини кўрсатган.
Сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда исломий банклар фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганди. Қонун лойиҳасида "исломий банк фаолияти", "исломий молиявий фаолият", "исломий молиявий операциялар", "исломий молия стандартлари", «инвестицион депозит" каби тушунчаларни киритиш назарда тутилмоқда.
Исломий банклар учун алоҳида лицензия ва уни олиш учун талаблар жорий этилмоқда. Шу билан бирга, анъанавий банкларда ҳам лицензия асосида "исломий дарчалар"ни ташкил этиш мумкин бўлади.
Шунингдек, асосий исломий молиявий операциялар: муробаҳа, мудораба, мушорака, вакала, салам аниқланади. Исломий фаолиятни амалга оширувчи банкларга тўғридан-тўғри савдо фаолияти билан шуғулланишга, юридик шахслар ташкил этишга ва компанияларнинг устав капиталидаги улушларни чекловларсиз сотиб олишга рухсат бериш таклиф этилмоқда.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов 24 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида банк бозоридаги рақобат масаласига тўхталар экан, бозорда рақобатни қўллаб-қувватлаш бўйича йўналишлардан бири исломий молияни ривожлантириш эканини таъкидлаганди.
"Бу бўйича қонун лойиҳаси ҳозир парламентда кўриб чиқилмоқда. Бундан асосий мақсад — бозорга ресурс, инвестиция кириб келишини таъминлаш. Бу қўшимча имконият, [бошқа воситаларнинг] ўрнини босувчи [восита] эмас. Бу бир неча йилдан бери илгари сурилаётган жараён, ҳали парламентдан ўтиши лозим", — деган Тимур Ишметов.
Аввалроқ, Олий Мажлис депутатлари Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
