Сентябрь ойида пул массаси ўсишда давом этди

22.10.2025 15:29

65

Ўзбекистонда пул массаси сентябрь ойида ҳам ўсишда давом этди. Хусусан, кенг маънодаги пул массаси (М2) ой давомида 9,4 трлн сўмга, йил бошидан эса 56,7 трлн сўмга ортиб, жами 333,7 трлн сўмни ташкил қилди. Муомаладаги нақд пуллар йил бошига нисбатан 22 фоизга (11,7 трлн сўмга) кўпайиб, жами 65 трлн сўмдан ошди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, кенг маънодаги пул массаси (М2) ошишда давом этган ва сентябрь ойида 9,4 трлн сўмга ортиб, жами 333,7 трлн сўмни ташкил қилган. Миллий валютадаги пул массаси йил бошига нисбатан 50,0 трлн сўмга (22,7 фоизга) кўпайиб, 270,1 трлн сўмга етди.

Манба: Марказий банк

Ўтган ой давомида ҳам барча пул агрегатларида ўсишда давом этган. Хусусан, миллий валютадаги пул массаси +8,5 трлн сўмга, муомаладаги нақд пуллар ҳажми +3,3 трлн сўмга ортган. Шунингдек, сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитлар 1,2 трлн сўмга ортиб, 61,9 трлн сўмга, чет эл валютасидаги депозитлар 0,9 трлн сўмга ортиб, 63,6 трлн сўмга етган.

Йил бошига нисбатан миллий валютадаги депозитлар 34 фоизга, чет эл валютасидаги депозитлар 16 фоизга кўпайган. Миллий валютадаги бошқа депозитлар қарийб ярим бараварга (+47,5 трлн сўм) ошган.

Кенг маънодаги пул массаси (М2) — Марказий банк ва бошқа тижорат банклари мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланади. М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча , жамғарма ва муддатли депозитларини олади. 

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг I чораги якунлари бўйича пул массаси 281,5 трлн сўмни ташкил қилган эди.

Теглар:

#пул_массаси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган