Март ойида пул массаси 6,6 трлн сўмга ортди

18.04.2025 09:41

154

Март ойида кенг маънодаги пул массаси 6,6 трлн сўмга ортган ва жами 281,5 трлн сўмгача етган. Бундан ташқари, миллий валютадаги пул массаси 8,4 трлн сўмга ортган. Шунингдек, сўмдаги депозитларда ҳам ўсиш қайд этилган. Фақатгина хориж валютасидаги депозитларда пасайиш кузатилган.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, март ойида кенг маънодаги пул массаси 6,6 трлн сўмга ортган ва жами 281,5 трлн сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, ой давомида бошқа пул агрегатларида ҳам ўсиш қайд этилди. Хусусан,

  • миллий валютадаги пул массаси 225,5 трлн сўм (ўсиш +8,4 трлн сўм),
  • муомаладаги нақд пуллар ҳажми 52,5 трлн сўм (+2,8 трлн сўм),
  • сўмдаги талаб қилиб олингунча депозитлар 53,8 трлн сўм (+1,3 трлн сўм),
  • сўмдаги бошқа депозитлар 119,2 трлн сўмга етган (+4,3 трлн сўм).

Фақатгина чет эл валютасидаги депозитлар 1,8 трлн сўмга камайган ва умумий 56 трлн сўмга тенг бўлган.

Пул агрегатларининг барчасида йиллик ҳисобда ўсиш кузатилган. Жумладан, сўмдаги бошқа депозитлар 52,5 фоизга, миллий валютадаги пул массаси эса 38,8 фоизга ошган.

Кенг маънодаги пул массаси (М2) — Марказий банк ва бошқа тижорат банклари мажбуриятлари маълумотлари асосида ҳисобланади. М2 ўз ичига муомаладаги нақд пулларни (банк тизимидан ташқаридаги) ҳамда бошқа молиявий ташкилотлар, давлат номолиявий ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда уй хўжаликларининг (аҳоли) миллий валютадаги ва чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча , жамғарма ва муддатли депозитларини олади. 

Аввалроқ, 2024 йил давомида Ўзбекистонда пул массаси 65 трлн сўмга кўпайгани ҳақида маълум қилинганди.

Теглар:

#пул_массаси#депозит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган