"Капиталбанк" АТБ Кузатув кенгашининг 2025 йил 12 августдаги қарорига кўра, Фурқат Бахрамович Хасанов банк бошқаруви раиси ўринбосари, бошқарув аъзоси этиб тайинланди. Бу ҳақда Ягона Корпоратив ахборот порталида маълум қилинди.
Фурқат Хасанов 1985 йил туғилган, Тошкент Молия институтини тамомлаган. Банк соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, фаолиятининг асосий қисмида Капиталбанк тизимида ишлаган.
Меҳнат фаолиятини Капиталбанк кредит бўлими мутахассиси сифатида бошлаб, кейинчалик бўлим бошлиғи, филиал раҳбари ва бошқарувчисигача бўлган лавозимларда меҳнат қилган. Хусусан, у банкнинг Наманган, Яшнобод филиалларида, 2019 йилдан буён эса Тошкент шаҳар филиалида бошқарувчи лавозимида ишлаган.
Мазкур лавозимида Фурқат Хасанов банкнинг кредит портфели устидан назоратни таъминлаш ва қарздорлик масалалари билан шуғулланади. Унинг тайинлови Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Мадина Юсупова ва Акмал Яхёевлар банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимларига тайинлангани ҳақида хабар берилганди.