Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида апрель ойида банк хизматлари марказига ўйинчоқ тўппонча билан бостириб кириб, пул ўмармоқчи бўлган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Milliy телеканалида хабар берилди.
18 апрель куни соат 16:30 атрофида юзига қора ниқоб кийган номаълум шахс ўйинчоқ тўппонча билан қуролланиб Трастбанкнинг Юунусободдаги банк хизматлари марказига бостириб кирган ва банк ишчисидан пул талаб қилган. Шундан сўнг у Қўриқлаш бошқармаси ходимлари келганида марказ ойнасини синдириб қочиб кетаётганида қўлга олинган.
"Ҳаётимда муаммолар чиқиб қолди. Ўша куни нима бўлганини билмайман. Ўша ерда аҳмоқгарчилик қилдим. Кирганимда ҳам қилаётган ишим нотўғри эканлигини билдим. Қизлар "кнопка"ни босган экан, ходимлар келди, қўлга олишди. Қилган ишим нотўғрилигини билиб, ҳеч нарсани олмай, чиқиб кетдим. Қийин йўлда тургандим. Пушаймонман", деди айбланувчи.
Маълум бўлишича, эркакнинг қўлидаги тўппонча набирасининг ўйинчоғи бўлган. Судда прокурор эркакка 9 йил қамоқ жазоси берилишини сўради.
Ҳукмга кўра, эркак Жиноят кодексининг 164-моддаси 1-қисмида (Ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган босқинчилик) кўрсатилган жиноятни содир этган деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колониясида ўташ белгиланди.
Маълумот ўрнида, “Туркистон” БХМга уюштирилган босқинчилик ҳаракати вақтида “ташвиш” сигнали орқали Қўриқлаш хизмати ходимларига хабар юборган Д.Нуритдинова ва С.Рустамбекова тақдирланди. “Трастбанк” ХАБ Бошқарув раиси ўринбосари З.Курганов ходималарга миннатдорлик билдирди.