Трастбанкнинг банк хизматлари марказларидан бирида босқинчилик содир бўлди

18.04.2025 20:48

495

Трастбанкнинг Юнусободдаги банк хизматлари марказига номаълум шахс ниқоб кийган ҳолда, ясама қуролдан фойдаланиб, босқинчилик уюштиришга ҳаракат қилган. Банк ходимлари томонидан юборилган "ташвиш" сигнали ортидан етиб келган қўриқлаш хизмати ходимлари гумондорни қўлга олган.

Фото: Трастбанк

Бугун, 18 апрел куни соат 16:30 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Мойқўрғон” кўчаси 39-уйда жойлашган “Туркистон” банк хизматлари марказига номаълум шахс томонидан ҳужум уюштирилган. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қўриқлаш департаменти

Ушбу шахс қора ниқоб кийган ҳолда дастаси қора изоляцион лента билан ўралган сохта қуролдан фойдаланиб, босқинчилик ҳаракатини амалга оширмоқчи бўлган. Бироқ банк ходимлари томонидан юборилган фавқулодда қўнғироқ асосида зудлик билан ҳодиса жойига Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимлари етиб келиб, босқинчилик ҳаракатини бартараф этган ва гумондор шахсни қўлга олган.

"Дастлабки ўрганишлар жараёнида ушбу фуқаро Қибрай туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.М. эканлиги, унинг қўлидаги ўйинчоқ тўппончалиги аниқланди", дея қўшимча ахборот берди Қўриқлаш департаменти.

Ҳодиса оқибатида юқоридаги шахс томонидан БХМ биносининг кириш эшиги ойнасига шикаст етказилган. Шунингдек, банк ходимлари ва мижозларига ҳамда БХМ кассасида мавжуд бўлган пул маблағларига ҳеч қандай зиён етказилмаган.

Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Теглар:

#trustbank

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган