Жисмоний шахслар депозитларининг ўртача ставкаси пасайишда давом этмоқда

16.07.2025 12:45

208

Жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари ўртача ставкаси кетма-кет пасайишда давом этиб, июнь ойида 21,4 фоизни ташкил қилди. Аҳолига ажратилаётган кредитлар ўртача ставкаси эса аксинча, кўтарила бошлади ва 23,7 фоизга етди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг июнь ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари ўртача ставкаси кетма-кет пасайишда давом этиб, 21,4 фоизни ташкил қилди.

Омонат ставкалари 2024 йилнинг октябрь ойидан буён 22,1 фоиз даражасида ўзгармасдан келаётган эди. Апрель ойида банклар омонат ставкалари пасайтирилганидан кейин уч ой ичида ўртача ставка 0,7 фоизгача тушди.

Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари эса апрелдан кўтарила бошлаган (+1,1 фоиз). Ставкалар июнда май ойига нисбатан ўзгаришсиз қолиб, 17,9 фоизни ташкил қилди. Юридик шахслар учун омонатлар ўртача ставкаси сентябрь (16,2 фоиз) ва ноябрь ойларида (16,3 фоиз) энг паст кўрсаткичга тушган эди. Май ва июнь ойларида ставкалар яна ошди ва ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга тенглашди.

Инфографика: Марказий банк

Кредит ставкалари

Аҳолига миллий валютада ажратилган банк кредитлари бўйича ўртача ставка апрель ойида 22,9 фоизгача пасайганидан кейин яна кўтарила бошлади ва июнга келиб 23,7 фоизни қайд этди. Шундай бўлса-да ўртача кредит ставкаси ўтган йилнинг июнь ойида ажратилган кредит ставкасидан 0,9 фоизга пастроқ.

Тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар ставкаси нисбатан барқарор ҳолатда қолмоқда ва июнь ойи учун 22,8 фоизни ташкил қилмоқда.

Хориж валютасидаги депозит ва кредитлар

Жисмоний шахсларнинг муддатли депозит ставкалари апрелда 5,1 фоизлик кўрсаткичга чиққанидан сўнг май ойида 4,6 фоизга тушди ва июнда яна ўса бошлади (+0,2 фоиз).

Юридик шахсларнинг депозит ставкалари тушишда давом этмоқда. Ўтган йилнинг ноябрь ойидаги 6,3 фоизлик юқори кўрсаткич июнга келиб 2,1 фоизга пасайди ва 4,2 фоизга тенг бўлди.

Инфографика: Марказий банк

Чет эл валютасидаги қисқа муддатли кредит фоиз ставкалари 9,7 фоиз, узоқ муддатли кредитлар эса 10 фоизни ташкил этмоқда.

Теглар:

#омонат#кредит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган