Ўзбекистоннинг қатор тижорат банклари мавжуд омонат ставкаларини пасайтира бошладилар. Банкларнинг аксарияти мазкур жараён бўйича алоҳида ахборот бермаган. Фақатгина TBC Bank, ANORBANK, Ўзмиллийбанк, Агробанк, Асакабанк, Ипотека банк ҳамда Микрокредитбанк томонидан омонат ставкалари пасайтирилгани борасида ўз сайти ва ижтимоий тармоқларида маълум қилинди.
Bankers.uz банкларнинг сайтларидаги маълумотларни кузатиб, барча банклардаги омонатлар ўртача 2-3 фоизга пасайтирилганини аниқлади. Маълум бўлишича, барча банкларда жорий йил 1 апрелдан бошлаб сўмдаги омонатлар 23 фоиздан юқори бўлмаган ставкагача туширилади.
Жумладан, TBC Bank жорий йилнинг 3 февралида ўзининг сўмдаги омонат фоиз ставкаларини 1 фоизга туширганди. Ўшанда тўлдирилмайдиган муддатли омонатлар бўйича йиллик ставка 27-26 фоиздан 26-25 фоизга, тўлдириладиган муддатли омонатлар бўйича эса 25-24 фоиздан 24-23 фоизга камайтирилганди.
Орадан бироз вақт ўтиб, TBC Bank'да ҳам омонат йиллик ставкалари 1 апрелдан бошлаб яна ўзгарадиган бўлди. Тўлдириладиган муддатли омонатлар йиллик ставкаси 18,5% дан 21% гача этиб белгиланди (амалда 23-24 фоиз), муддатли омонат йиллик ставкаси эса 20,5% дан 23% гача этиб белгиланди (амалда 25-26 фоиз).
Худди шундай ҳолат ANORBANKда ҳам кузатилди. Банкда омонатларининг ставкалари жорий йилнинг 7 февраль санасида 1 фоизга туширилган эди. Хусусан, банкдаги энг кўп фоизли “Yuqori Daromad” омонати 27 фоиздан 26 фоизга, “Ko'rpacha” омонати 26 фоиздан 25 фоизга ҳамда “Bayramona” 26 фоиздан 25 фоизга пасайтирилганди.
ANORBANK ҳам 1 апрелдан бошлаб омонатлар бўйича шартлар янгиланиши, омонат фоизлари 2-3 фоизга туширилиши ҳақида хабар берди. Янгиланаётган тарифга кўра, “Yuqori Daromad” омонати – йиллик 23 фоиз (амалдаги ставка 26 фоиз), “Ko'rpacha” – йиллик 22 фоиз (амалдаги ставка 25 фоиз), “Tez” (янги) – йиллик 22% дан этиб белгиланган, “Baraka” (янги!) – йиллик 21 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, Агробанк ҳам омонатларининг янгиланган тарифларини эълон қилди. 1 апрелдан бошлаб "Sandiq" ва "Progress" (онлайн) омонатлари ставкаси амалдаги 23 фоиздан 21 фоизга, "Komfort" (онлайн) омонати ставкаси 22 фоиздан 21 фоизга туширилади.
Бундан ташқари, Ўзмиллийбанкнинг "Жозибали" омонати бўйича фоиз ставкаси банк офисларида расмийлаштирилганда йиллик 20 фоиз (масофадан очилганда йиллик 21 фоиз) га, Ипотека банкнинг "Конструктор" омонати ставкаси 23,5 фоиздан 22 фоизга туширилди. Асакабанкнинг "Онлайн" омонати 19 фоиз (онлайн очилганда +2 фоиз), "Максимал фойда" 14-19 фоиз (онлайн +2 фоиз) , "Аванс" 16-19 фоиз қилиб ўзгартирилди. Микрокредитбанк ҳам "Universal" омонати ставкаси 21 фоиз этиб белгиланганини эълон қилди.
Омонат ставкалари туширилиши Марказий банк “кўрсатма”сими?
Иқтисодчи Отабек Бакиров омонат ставкалари асосий ставка кўтарилган бир пайтда, бирданига пасайтира бошлаши асосан маъмурий топшириқ, босим ё таъсир бўлсагина юз беришини айтди.
“Ўзбекистонда банклар бир вақтда ва синхрон равишда ставкаларни пасайтира бошлаши асосан маъмурий топшириқ, босим ё таъсир бўлсагина, юз беради (ўтган ёмон даврдан мерос). Қизиқ, юз бераётган антиқа томошани Марказий банк қандай изоҳлайди? Ставкаларни бозордаги талаб/таклиф, таркибий ва конъюнктуравий ўзгаришларисиз сунъий пасайтирилиши қандай оқибатлар яратишини ҳаммамиз кўрганмиз. Валюта курсига босим ортиши, коррупцион каналлар пайдо бўлиши, норасмий транзакцияларнинг кенгайиши - бу тўлиқ оқибатлар эмас”, - деб ёзди Бакиров.
Bankers.uz нашрининг Ўзбекистоннинг айрим тижорат банкларидаги манбалари ҳам омонат ставкаларининг тушиши Марказий банк томонидан тижорат банкларига берилган “кўрсатма” эканини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддасида банкларнинг мустақиллиги белгилаб берилган.
Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига ... аралашиши таъқиқланади. ("Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонун, ЎРҚ-580, 8-модда)
Тижорат банкларидаги омонат ва кредит ставкаларининг маъмурий йўл билан тартибга солишга уриниш Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳолат эмас. Масалан, 2015 йил феврал ойида Марказий банк тижорат банкларига берган кўрсатмаси натижасида омонат ставкалари 22 фоиздан 14 фоизгача пастлаган.
Манба: cbu.uz
Bankers.uz юқоридаги ҳолат бўйича Марказий банкдан тегишли тушунтириш кутиб қолади.